Улуғбек Абдуллаев Ўзбекистон тарихидаги этнонимлар
Download 419.3 Kb. Pdf ko'rish
|
31 II-ҚИСМ Илк ўрта асрларда кечган этносиёсий ва этномаданий жараёнлар. Илк ўрта асрларга келиб Ўрта Осиёнинг маҳаллий туб жой аҳолисининг этник таркибида жиддий ўзгаришлар содир бўла бошлади. Маълумки, милодий II-IV асрларда Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларига Жанубий Сибир, Еттисув ва Шарқий Туркистондан бир қатор этнослар келиб жойлашдилар. Ушбу кўчиб келган этносларнинг номлари хионий, кидарий ва эфталий тарзида илмий ва ўқув адабиётларда келтирилган. Мазкур халқларнинг этник келиб чиқиши (этногенези) ва этник тарихига оид маълумотлар адабиётларда турли даражада ёритилган. Шу ўринда айтиш керакки, ҳозирги кунда ўқувчи-талабалар учун мўлжалланган дарслик ва ўқув қўлланмаларда эфталийлар ҳақида бирмунча батафсилроқ, хионийлар ва кидарийлар ҳақида эса умумий маълумотлар берилган. Тўғри, кейинги икки этнос ҳақида маълумот берувчи манбаларнинг ўзи тақчил. Шу сабаб бўлса керак, уларнинг этник мансублиги масаласи ва этник тарихи ҳали тўла ўрганилгани йўқ. Бу борада олимлар орасида турли хил, баъзан бир-бирига зид фикр-мулоҳазалар билдирилган. Академик К.Шониёзовнинг таъкидлашича, айрим олимлар хионий- ларни эфталийларга, бошқа бирлари аксинча эфталийларни хионийларга тенглаштирадилар. Баъзи бир олимлар эса хионийлар бу кидарийларнинг ўзидир, деган фикрни билдирадилар 55 . Тарихий манбаларда хионийлар илк бор милодий IV аср ўрталарида тилга олинган. Ушбу этносга нисбатан берилган этноним манбаларда турлича номлар билан аталади. Масалан, IV-V асрларга оид арман манбаларида бу халқ “хона” деб, юнон манбаларида эса “хионий” деб 55 Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. 127-бет 32 номланган. Айтиб ўтиш керакки, “хион” (“хионий”) сўзининг этимологияси бугунги кунгача аниқланган эмас. 1950 йилда нашр қилинган “Ўзбекистон халқлари тарихи”да 356 йилда хионийлар саркардаси ўғли билан Сосонийлар подшоси Шопур II ни Амида (Сурия) шахрини қамал қилишда, иттифоқчи сифатида унга ёрдам берганлигини қайд қилиб ўтилади. Айнан шу даврда хионийлар Зарафшон воҳасини эгаллаб, Амударё сохилларига чиқиб, Эрон Сосонийлари билан яқин қўшни холда яшаганликлари, IV аср охири – V аср бошларига келиб улар Сосонийлар билан доимий рақобатлашиб, ўзаро уришиб келганликлари адабиётларда кўрсатилган 56 . Тадқиқотчилардан Л.Н.Гумилев, В.В.Бартольд ва бошқалар ушбу этнос этногенетик жиҳатдан хунларга бориб боғланишини таъкидлайдилар. Масалан, А.Н.Гумилевнинг айтишича милодий 350-356 йилларда Судени (Сўғдиёнани) эгаллаган, Чин салномаларида хун деб номланган халқ бу хионийлар эди 57 . Академик К.Шониёзов ушбу масала бўйича фикр билдириб, “...хионийларни этник тарихи бевосита хунлар билан боғлиқ эканлиги эҳтимолга яқин бўлиши керак. Чунки, хунларнинг кўчиши билан бир вақтда хионийлар ҳам кўчадилар, уларнинг бир қисми ғарбга силжиб, Орол денгизининг шимолий минтақаларига, иккинчи қисми эса Сирдарё бўйларига, Қанғ давлати ҳудудига келиб жойлашганлар. Хунларнинг орқасидан кўчиб улгура олмаган гуруҳлари Жунғорияда қолиб алохида этник уюшма ташкил этганлар. Бу этник уюшма ва уларнинг яшайдиган ҳудудлари Юебань номини олган” 58 деб ёзган эди. Юқорида айтиб ўтилганидек хионийлар IV-V асрларда Эрон Сосонийлари билан тинимсиз уруш олиб бордилар. Ушбу ҳудудда жойлашган, ўзлари учун қондош бўлган эфталийлар билан ҳам келиша 56 Тревер К.В. Эфталиты, хиониты. История народов Узбекистана. Т.: 1950,С.127, 57 Гумилев Л. Н. Эфталиты и их соседи в IV в. //ВДУ., 1959. N1. С. 134. 58 Шониёзов К. Ўзбек халқини шаклланиш жараёни ... 129-130 бетлар. 33 олмай, аввал Моворауннаҳрнинг жанубий минтақаларига, сўнгра 460 йилда эса уларнинг асосий қисми Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий вилоятларига бориб ўрнашдилар. Асл манбаларнинг камчилиги сабабли ушбу этносни яъни хионийларнинг этногенези ва этник тарихига масала ҳали ўз ечимини тўла тўкис топган эмас. V асрнинг 20 йилларида Ўрта Осиёга Шарқдан Сирдарё ва Орол бўйлари орқали янги бир кўчманчи этнос вакиллари кириб келдилар. Ушбу халқ тарихда кидарийлар деб номланган. Халқнинг номи (этноними) уларнинг сардори Кидарни исмидан олинган. Хитой манбаларида бу сардор исми Кидало деб берилади. Кидарийларнинг этник келиб чиқиши ҳам тўла аниқланган эмас. Бу масала хусусида олимларнинг асарларида турли фикрлар билдирилган. Кўпчилик тадқиқотчилар ушбу этник уюшманинг келиб чиқишини юэчжи (тоҳар)ларга боғлайдилар. Аввал айтиб ўтганимиздек, милоддан олдинги II аср ўрталарида хунлардан талофат кўрган юэчжиларнинг катта бир қисми да-юечжилар (катта юэчжилар) яшаб турган ўз ерларини (Тангритоғнинг шимоли- шарқидаги ҳудудларни) ташлаб жанубга қараб силжиб, Дахя (Тохаристон) ерларига бориб ўрнашадилар. Ана шулар милодий I асрда Кушон давлатини барпо қилдилар. Юэчжиларнинг Тарғабатай ва Шарқий Туркистонда қолган қисми яъни адабиётларда кичик юэчжилар деб аталувчи қисми ҳам бу жойларда тинч яшай олмадилар. Кейинчалик 417-420 йилларда юэчжиларнинг ушбу гуруҳлари ҳам ўз ватанларини ташлаб, жанубга беш аср аввал аждодлари келиб ўрнашган ҳудудга ўрнашдилар. Ушбу ҳудудга келиб ўрнашган кидарийлар эфталийлар билан иттифоқда Эрон Сосонийлари билан урушганлар. Бу тўқнашувлар натижасида кидарийлар қаттиқ зарбага учраб, кейинчалик Тоҳаристонни ташлаб чиқиб, Афғонистоннинг жануби-шарқий вилоятларига келиб ўрнашадилар. Бу ерда улар ўз давлатини барпо этганлар. 34 Хатто, ўзларининг сардори Кидаро (Кидало) номидан “Кидаро кушон Ша” (Кидаро кушонлар шоҳи) деган ёзув билан танга зарб қилган. Кидарийлар 424 йили Ҳиндистонга юриши бошлаб, унинг шимолидаги вилоятларни талай қисмини эгаллайдилар. Улар бу ерда 75 йилга яқин ҳукмронлик қилди. Кидарийларнинг кейинги авлодларидан бир қисми шу жойларда қолиб маҳаллий аҳолига аралашиб кетганлар. Хуллас, кидарийларни келиб чиқиши (этногенези)ни юқорида кўрсатиб ўтилган кичик юэчжилар билан бевосита боғлиқ, деб қараш ҳақиқатга яқинроқ. Илк ўрта асрларда юртимиз ҳудудида кечган этно-сиёсий жараёнларда фаол иштирок қилган этник уюшмалардан бири бу эфталийлардир. Хитой, хинд, форс, арман, сурия, лотин манбаларида эфталийлар турли атамалар остида учрайди. Масалан, Хитой манбаларида эфталийлар ида, иеда, идан, идян; сурия ва лотин манбаларида эса эфтал, абдал; арман ёзувларида идал, тетал, хентал; араб ва форс муаллифларининг асарларида хайтал, хетал; хинд манбаларида хуна ва хоказо номлар билан қайд қилинган. Бир неча ўн йиллар давомида олимлар эфталийларнинг этник келиб чиқиши борасида бахслашиб келадилар. Бу масалада турлича фикрлар айтилган. Ушбу масалада тадқиқотчилар асосан икки гуруҳга ажраладилар. Уларнинг бир гуруҳи эфталийларни эрон-форс тиллар гуруҳига кирувчи этнослар десалар, бошқа олимлар эса уларни этник келиб чиқиши туркийдир, деб айтадилар. Бугунги кунда ушбу этник уюшмани келиб чиқиши (этногенези)ни қадимги туркийларга боғлаб ўрганиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Ушбу ишларда эфталийлар туркий халқ эканлиги, асл манбалар асосида далилланмоқда. Шу ўринда кейинги йилларда қадимги ва илк ўрта аср хитой манбаларини ўрганиш натижасида хитойшунос олим А.Хўжаевнинг бу масала юзасидан билдирган фикрлари диққатга сазовор. А.Хўжаев ўзининг бир қатор ишларида эфталийларни туркий тилли этнос эканлигини қатъий 35 таъкидлаб ўтади 59 . Ушбу олим эфталийларни этник келиб чиқиши ҳақида ўзидан олдинги фикрларга муносабат билдиради. Хусусан А.Хўжаев Тожикистонлик тарихчи Б.Г.Гафуровнинг “Эфталийлар кандайдир Ўрта Осиё ва Шарқий Эрон тиллик қабилаларга маълум турк элементларининг аралашмаси асосида шаклланган, улар Бадахшондан келиб чиққан” деган фикрига эътироз билдириб, эфталийларни туркий қабила эканлигини уқтирган олимларни қарашларини қўллаб-қувватлаб: “Эфталийларнинг аждодлари Олтой ва Тангритоғ яйловлари ва улар этагидаги жойларда яшаган туркий қавмлардир... Уларнинг этник келиб чиқиши қадимий туркларга бориб тақалади... Манбаларда эфталийларнинг келиб чиқиши хунларга, рузие (ғузер)ликлар (юэчжи), турфонликлар, гаочэлар ва туркларнинг аралашишига боғлиқ бўлган, деган хулосалар бир-бирини инкор қилмайди. Аксинча, улар бир-бирини тўлдиради. Бинобарин, бу этнонимлар билан аталганларининг ҳаммасининг келиб чиқиши туркийлардир” деб таъкидлайди 60 . Энди эфталийларнинг этно-сиёсий тарихига қисқача тўхталиб ўтамиз. Аввало ушбу халқнинг номи (этноними) ҳақидаги маълумотларни келтирамиз. Ушбу этнонимни пайдо бўлиши ҳақида VI асрда Византиялик Феофан шундай ёзади: “Эфталийларни Вохишвор номли подшоси бўлиб, уни Эфталон деб атаганлар; у бошқарган қабила ҳам, унинг номи билан эфталий деб аталган” 61 . Византия патриархи Фотий ҳам эфталийлар номи уларга V асрда подшо бўлган киши номидан олинганлигини қайд қилинган эди 62 . Демак, мазкур этник уюшма ва улар тузган давлат номи подшоси исмидан келиб чиққан. 59 Бу хақида қаранг: Хожаев А. Об этническом происхождении эфталитов (Яда) (Сведения китайских источников)// Xitoyshunoslikning dolzarb masalalari: Filologiya, falsafa, tarih, iqtisod va siyosat masalalari. Toshkent. 2009. 88-100 betlar. Ўша муаллиф: Фарғона тарихига оид маълумотлар... 265-277 бетлар 60 Хўжаев А. Фарғона тарихига оид материаллар... 277-бет. 61 Тревер К.В. Эфталиты и хиониты. С.126-127, 62 Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах... С.322. 36 Хитой манбаларида Дахя (Тоҳаристон) ҳукмдорининг номи Йеда бўлган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ушбу ҳукмдор томонидан тузилган давлат ва унинг халқи “ида”, “еда”, “идон” атамалари остида учрайди. Милодий V асрнинг бошларида, аниқроғи шу асрнинг иккинчи чорагида ушбу этнос вакиллари Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларга келиб ўрнашадилар. V асрнинг биринчи ярмидан эътиборан улар ушбу ҳудудларда сиёсий бошқарувни ўз қўлига олдилар. Бу жойларга, яъни икки дарё (Амударё ва Сирдарё) оралиғи ҳудудларига келиб жойлашгунларига қадар эфталийлар “Олтой тоғларидан жанубда, Хўтондан ғарбда ва Бадахшоннинг тоғли районларида, балки Фарғонанинг айрим туманларида яшаганлар” 63 . Юқорида айтиб ўтганимиздек араб манбаларида эфталийлар хайтал номи билан тилга олинади. Араб муаллифларининг, хусусан Муқаддаси, Екут ва Масъуди асарларида V-VI аср ўрталарида Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларда кўп сонли хайталлар (эфталийлар) яшаганлиги кўрсатиб ўтилади. Маълумки, ушбу ҳудудда қадимдан ўтроқ маданият ривожланган эди. Эфталийлар даврида ҳам (IV-VI аср ўрталари) бу ҳудудларда яшаётган аҳолининг асосий қисми ўтроқ аҳоли эди. Эфталийларнинг катта қисми ўтроқлаша бориб, маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кета бошлаган. К.Шониёзов уларнинг жанговор гуруҳлари бу даврда кўчманчи ва ярим кўчманчиликда яшаган бўлишлари керак деб айтади 64 . Айнан ана шу кўчманчи ва яримкўчманчи жанговор гуруҳлари жанубга силжиб бориб, Эрон сосонийлари ҳукмронлик қилаётган ҳудудга суқилиб кирдилар. Натижада эфталийлар билан сосонийлар ўртасидаги муносабат кескинлашади. Эфталийлар Эрон сосонийлари билан урушиб уларнинг ҳукмронлигида бўлган катта ҳудудни босиб оладилар. VI асрнинг бошларига келиб улар 63 Шониёзов К.Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни...135-бет 64 Шониёзов К.Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни...139-бет 37 Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон, Шимолий Ҳиндистон, Шарқий Эронни бирлаштирган улкан давлатни барпо қилганлар. Таъкидлаб ўтиш жоизки, эфталийлар даврида (IV-VI аср ўрталари) Ўрта Осиёнинг марказий вилоятлари аҳолисининг этник таркиби бу ерга Жанубий Сибир, Еттисувдан, Шарқий Туркистондан кўчиб келган янги-янги қабилалар ҳисобига бойиб борди. Эфталийларни этник хусусиятлари, хусусан уларнинг қиёфаси, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида адабиётларда айрим маълумотлар учрайди. Бу ҳақда қисқача тўхталиб ўтишни ўринли деб ҳисоблаймиз. Юқорида айтиб ўтилганидек, эфталийларнинг этник келиб чиқиши қадимги хунлар ва улар таркибида бўлган туркий қабилалар билан боғлиқ. Маълумки, хунлар асосан чорвадор қабилалар бўлган. Демак, эфталийлар Амударё ва Сирдарё оралиғига кўчиб келишларидан аввал асосан чорвачилик билан шуғулланиб, кўчманчи турмуш тарзини кечирганлар. Моворауннаҳрга кўчиб келганларидан кейин эса уларнинг бир қисми маҳаллий ўтроқ маданият муҳитида турғунлашганлар. Тарихий манбаларда улар “оқ хунлар” деб аталади. VI асрда яшаган Юнон тарихчиси Прокопий Кессарский эфталийларни хунлардан фарқлаб, уларни баданлари оқлигига ишора қилган эди. Кейинги тадқиқодчилар Прокопий Кессарскийнинг ушбу тарифига асосланиб эфталийларни “оқ хунлар” деб атайдилар. Бундай таърифга хитойшунос олим А.Хўжаев эътироз билдириб, Хитой манбаларига асосланган ҳолда эфталийлар “иеда” деб номланиш билан бирга “бай-шюнну” деб ҳам аталгани, кейинги атама “оқ хунлар” маъносини англатишини таъкидлаб, “... китобхонларда дарҳол бадани оқ хунлар шундай аталган бўлса керак, деган фикр туғилади. Лекин амалда мазкур атаманинг мазмуни ўзгача... Узоқ ўтмишда туркларда оқ сўзи ғарбни, қизил –жанубни, кўк-шарқни, қора-шимолни билдирган. Хитойда ҳам шундай одат бўлган. Оқ (бай) Ғарбни ранг белгиси сифатида ишлатилган. Шунинг учун, бай-шюнну 38 этнонимини ғарбий хунлар деб тушунмоқ тарихий ҳақиқатга тўғри келади” деб ёзади 65 . Шу маънода академик К.Шониёзов томонидан билдирилган қуйидаги фикрни келтириб ўтиш ўринли бўлади. Элшунос олим эфталийларга нисбатан ўзидан олдин айтилган фикрларга муносабат билдириб, “Хунлар таркибидаги халқлар тиллари ва ташқи қиёфалари билан бир хилда бўлмаганлар, албатта. Хун этник уюшмасида европоид, монголоид ирқий типдаги қабилалар, турк, мўнғул, манжур ва бошқа тилли халқлар бўлганлиги тарихдан аён. Туркий халқларда малла соч, кўк кўз кишилар ҳам оз бўлмаган” деб ёзган эди 66 . Эфталийларни урф-одатлари хунларникига ўхшаш бўлиши керак. Негаки, аввал айтиб ўтилганидек, улар хун қабилаларидан бўлиб, кўп холларда аралаш яшаганлар, тиғиз маданий алоқада бўлганликлари аниқ. Тарихдан аёнки, эфталийларнинг Марказий Осиёдаги ҳукмронлигига Турк хоқонлиги қўшинлари томонидан барҳам берилди. Ўқув адабиётларда ва илмий нашрларда Турк хоқонлиги ташкил топиши ва ушбу давлат томонидан Марказий Осиёнинг катта бир қисми истило қилинишига оид маълумотлар етарлича келтирилган. Маълумки, VI асрнинг 60-йилларида Турк қўшинлари эфталийлар устидан ғалабага эришиб, Чоч (ҳозирги Тошкент воҳаси), Сирдарё ва Амударё оралиғидаги ҳудудларни эгаллайдилар. Шу асрнинг 70-йилларида турклар Волга дарёсининг қуйи оқимларини, Шимолий Кавказни, Қора денгиз ва Азов денгизининг шимоли-шарқидаги ҳудудларни эгаллаб, жуда катта кенгликка эгалик қилдилар ва ўз даврининг йирик империяси даражасига кўтарилди. Бироқ, бу империя иқтисодий ва сиёсий танглик натижасида 581-603 йиллар оралиғида икки мустақил давлатга Шарқий ва Ғарбий турк хоқонлигига бўлиниб кетди. Шарқий Туркистон ва Ўрта Осиёнинг ўтроқ дехқончилик воҳалари маркази Еттисувда жойлашган Ғарбий Турк хоқонлиги хукмронлигида қолди. Шарқий Турк хоқонлиги тез 65 Хўжаев А. Фарғона тарихига оид маълумотлар...268-бет 66 Шониёзов К.Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни...137-бет 39 орада Хитой ҳукумати томонидан босиб олинди. Қуйида Турк хоқонлиги даврида (VI-VIII асрлар) кечган этно-сиёсий жараёнларнинг асосий жиҳатларига эътиборни қаратамиз. Тадқиқотчилар Моворауннаҳр ва Хоразм ҳудудида туркий этник қатламни янада қалинлашишини Турк хоқонлиги қўшинлари таркибида кўплаб туркий тилли қабилаларни бу ерларга кўчиб келиши билан боғлайдилар. Бу даврда юқорида кўрсатиб ўтилган ҳудуддаги барча вилоят ва туманларга туркий этнос жадал кириб борди 67 . Дарҳақиқат, Турк хоқонлиги қўшинлари таркиби этник жиҳатдан бир-хил бўлмаган. Бу таркиб бир қатор туркий тилда сўзлашувчи уруғ-қабилалардан ташкил топган эди. Тарихдан аёнки, Олтой тоғ этакларида жужанларга тобе бўлиб яшаган Ашина фуқоролари бу ердаги бошқа туркий этнослар билан аралашганлар. Бу аралашмадан хосил бўлган янги этнос ҳам турк этноними билан илмий асарларда қайд қилинган 68 . Айнан мана шу янги этносга Ашина авлодлалари бошчилик қиладилар ва кучайиб VI аср ўрталарида Турк хоқонлигига асос солганлар. Бу даврда Ашина авлодлари томонидан бўйсундирилган, турк хоқонлиги қўшинлари таркибига қўшиб олинган бир қатор қабилалар хам кейинчалик умумий бир ном-турк этноними билан аталиб келган. Аввалги сахифаларни бирида уқтириб ўтганимиздек, аксарият олимлар турк сўзи “кучли”, “қувватли” деган маъно беради, деб таькидлайдилар. Бу атамани биринчи марта тилга олиниши VI асрнинг 40 – йилларига тўғри келади. Баъзи тадқиқотчилар ушбу атама дастлаб этник маъно касб қилмаган, у ижтимоий маънога эга эди, деб айтадилар. Масалан, тадқиқотчи А.Баратова “Ашина уруғи, унга бўйсунган ва яқин қариндош бўлган ҳамда янги давлат бирлашмасининг ўзагини ташкил этган, қабилаларнинг ҳарбий зодагонлари шундай аталар эди. Кейинчалик, улкан қабилалар иттифоқини ва унга итоат 67 Асқаров А. Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи... 236-бет 68 Қаранг: Хўжаев А, Хўжаев К. Қадимги манбаларда халқимиз ўтмиши. Т.:2001. 40 қилган халқларни турк деб атай бошлаганлар, қабиланинг эски номи ашина хукмронлик қилувчи сулола номи бўлиб қолган” -деб ёзади 69 . А.Хўжаев ушбу масала юзасидан фикр билдириб, хитой манбаларидаги теле, чилэ, динглинг, дили, ди каби этнонимлар “турк” атамасининг турли даврлардаги хитойча транскрипцияси, деб айтади. А.Хўжаев, хитой олимлари теле нуфузли ва бир тоифадаги қардош халқларнинг умумий номи эканлигини бир овоздан тасдиқлашларини айтиб, тарих саҳнасига милодий V-VI асрларда кириб келган турк атамаси билан алмаштириб қўймаслик керак, деб уқтиради. Унингча, V-VI асрларда “турк” атамаси телелар таркибидаги бир қабиланинг номи сифатида майдонга келган. VII асрдан бошлаб эса у теле қабилаларининг умумий номига айланган 70 . Юқоридаги ҳар иккала олимнинг “турк” атамаси юзасидан билдирган фикрлари, Моворауннаҳр ва Хоразм ҳудудига кириб келган Турк хоқонлиги қўшинларининг этник таркиби полиэтник кўриниш хосил қилиб, турли этник уюшмалардан иборат бўлганлигини кўрсатади. Турк хоқонлиги даврида (VI-VIII асрлар) Ўрта Осиё ҳудудига кўплаб туркий этносларни кириб келиши, нафақат туркий этник қатлам мавқеини оширди, балки минтақада кечаётган этнослараро жараёнларни янада тиғизлашувига олиб келди. Бу ҳудуддаги ушбу даврда кечаётган этнослараро алоқалар турк-сўғд муносабатларида ёрқин акс этди. Бир қатор янги туркийзабон этносларни бу ерга миграциясининг жадаллашуви натижасида VII-VIII асрларга келиб Ўрта Осиё икки дарё оралиғи ва унга туташ ҳудудларда турк-сўғд этно-маданий майдони шаклланди 71 . Илк ўрта асрларда Марказий Осиёдаги турк-сўғд муносабатларини ўрганган А.Отахўжаевнинг таъкидлашича, Турк хоқонлиги ўз навбатида 69 Баратова А. Турк хоқонлиги ва унинг Ўрта Осиё давлатлари билан ўзаро алоқалари// Ўзбек давлатчилиги тарихи очерклари. Т.2001. 44 бет. 70 Хожаев А., Хўжаев К.Қадимги манбаларда халқимиз ўтмиши. Т. 2001. 14,17 бетлар. 71 Асқаров А.Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи... 228-бет 41 улкан ҳудуддаги этносларнинг сиёсий, иқтисодий, этномаданий муносабатларини фаоллаштирган 72 . Кўриб чиқилаётган даврда турк-сўғд этномаданий алоқалари, маънавий ва маданий ҳаётнинг деярли барча соҳаларда юз берган. Маънавий ҳаётдаги тиғиз ижобий муносабатлар натижасида туркийзабон ва сўғдий этносларнинг урф-одат ва эътиқодида ҳам умумийлик хосил бўлди. Турк хоқонлиги давридаги этник жараёнларни асосий хусусиятларидан яна бири, бу аввал такидлаганимиздек, ушбу ҳудудга кўплаб туркий қабилаларни келиб ўрнашиши ва аста-секин ўтроқлаша бошлаши бўлди. Бу даврда Моварауннаҳрга дулу, нушиби, туркеш, қарлуқ каби этник жамоалар жойлашдилар. Ушбу этносларнинг этник келиб чиқиши ва бошқа этномаданий хусусиятларига қисқача тўхталиб ўтамиз. Дастлаб дулулар ҳақидаги тарихий маълумотларни келтирамиз. Манбаларда дулу қадимий туркий қабилалардан бири бўлиб, VI-VII асрларда Ғарбий Жунгорияда ва қисман Еттисувда (Ила дарёси водийсида) яшаганлар. V асрдаги Хитой солномаларининг бирида келтириб ўтилган 12та уйғур қабилалардан бири тули деб аталган. Н.А.Аристов бу этнонимни дулу этнонимига тенглаштиради 73 . К.Шониёзов бунга асосланиб ёзади: “Шундай бўлган тақдирда дулу ёки тулу этнонимининг илк аждодлари уйғурларга ва улар орқали хунларга бориб тақалади” 74 . Дулуларнинг бир қисми ички қабилавий низолар туфайли ўзлари яшаб турган Еттисувни ташлаб, Волга бўйларига бориб ўрнашганлар. Еттисувда қолган гуруҳларни эса кейинчалик ўзбек, қозоқ ва қирғизларнинг этник таркибига кириб, аралашиб, ўз номларини унутиб юборганлар. Ғарбий Турк хоқонлигидаги (VII-VIII аср) йирик қабила иттифокидан яна бири-бу нушибилардир. Ушбу қабила иттифоқининг этник тарихи борасида якдил фикр мавжуд эмас. Баъзи олимлар уларни усун 72 Отахўжаев А. Илк ўрта асрлар Марказий Осиё цивилизациясида турк-сўғд муносабатлари.Тошкент.2010. 40 бет. 73 Аристов Н.А Заметки об этническом составе творских племен и народностяй и сведения об их численности. Живая старина. Вып. III-IV СПб. 1896. С. 297, 298. 74 Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни... 153-бет 42 қабилаларнинг қолдиғи деб ҳисоблайдилар. VII асрда нушибилар Ила дарёсининг жанубида, Чу дарё водийсида яшаётган бир қанча кўчманчи қабилаларни бирлаштириб Ғарбий Турк хоқонлиги ҳаётида муҳим рол ўйнаган. Нушибилар дулулар билан Ғарбий Турк хоқонлигида доимо хокимият талашиб келганлар. Улар асосан чорвачилик билан шуғулланганлар. VII-VIII асрлардаги этно-сиёсий жараёнларда муҳим роль ўйнаган яна бир қабила бирлашмаси бу туркешлардир. Ушбу қабила иттифоқининг номини келиб чиқиши тарихчи О.Прицакнинг айтишича икки сўзни яъни “турк” ва “ёш” сўзини бирикишидан ташкил топган ва “кичик турк” деган маънони беради. Бошқа бир олим, турколог Л.Н.Гумилев ҳам ушбу фикрни қувватлаб, Ила дарёси соҳилларида яшовчи туркий қавмлар уларни “кичик турк” ёки “турк-ёш” деб атаганлар. Негаки, туркешлар Ашина туркларига мансуб бўлмай, Ашина авлодларига кейин қўшилганлар. Тадқиқотчилар ушбу қабила иттифоқининг номи кейинроқ берилган, илк ўрта асрларда уларнинг этник номи бошқача бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар 75 . VII асрнинг иккинчи ярмида туркешларнинг асосий қисми Ила дарёси водийсида, Тангритоғнинг шимолий ён бағирларида яшаб, дулу қабила иттифоқи таркибида бўлган. Улар икки гуруҳга – “қора” ва “сариқ” гуруҳларга бўлинганлар. Л.Н.Гумилов “сариқ” туркеш гуруҳларини Тарғабатойда ва Ила дарёсида қадимдан яшаганлигини, “қора” туркешлар эса бу ерларга келиб қолган абарлардир деб ёзади 76 . Абарлар хунларнинг авлоди ҳисобланади. Туркешлар кўп сонли бўлиб, энг кучайган вақтда уларнинг умумий сони 500-700 минг кишини ташкил қилган 77 . VIII асрнинг 60 йилларида туркешларнинг “сариқ” ва “қора” гуруҳлари ўртасида ўзаро низо кучайиб кетди ва оқибатда туркешлар кучсизланиб бордилар. Бундан фойдаланиб қолган қарлуқлар улар эгаллаб турган ҳудудга 75 Қаранг: К.Шониёзов Қарлуқ давлати ва қарлуқлар... 170-бет. 76 Гумилов Л.Н.Қадимги турклар. Т. “Фан” 2007 й. 114-бет 77 Гумилов Л.Н.Қадимги турклар... 316-бет 43 бостириб кирдилар. Бу воқеа 759 йили содир бўлди. 766 йили эса қарлуқлар зарбасига учраган туркешлар бир неча майда гуруҳларга бўлиниб кетдилар 78 . Туркешларнинг авлодлари кейинчалик ўзбек ва бошқа Олтой халқлари таркибига сингиб кетдилар. Ўзбек халқи этногенези ва этник тарихида муҳим роль ўйнаган туркий қабилалар бирлашмаси бу қарлуқлар эди. VI-VII асрларда Ўрта Осиёнинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларининг катта қисмини қарлуқлар эгалладилар. IX асрнинг 40 йилларида Моворауннаҳрдан шимоли-шарқда улар ўз давлатини ташкил қилишга муваффақ бўлдилар. Қарлуқларнинг аждодлари узоқ ўтмишда “Олтойнинг ғарбий минтақаларида яшаган. Турк хоқонлиги ташкил топгач, улар Ғарбий Олтойдан силжиб Иртиш дарёси бўйларини, Жунғорияни, Муғул Олтойнинг жанубий ён бағирларидан то Ила дарёсининг шимолигача бўлган ҳудудни эгаллайдилар. Буларнинг катта бир қисми шу вақтларда (VI-VII асрларда) Шарқий Туркистонни, Фарғонани, Тохаристоннинг айрим районларини эгаллайди” 79 . Қарлуқ этник уюшмаси уч қабиладан ташкил топган эди. Бу қабиланинг номи Хитой манбаларида меуле, чжиси ва ташили тарзида берилган. Ушбу қабилалар ҳам ўз таркибига бир қанча этник жамоаларни бирлаштирган эди. Қарлуқлар таркибидаги йирик қабилалардан бири чиғил қабиласи эди. Олимлар чиғилларни Хитой манбаларида қайд қилинган “чжеиси” қабиласи билан тенглаштирадилар ва чиғиллар қарлуқлардан ажралиб чиққан, деб қарайдилар 80 . Бу ҳақида академик К.Шониёзов ҳам “... чигиллар қарлуқлар таркибидаги қабилалардан бир бўлганлигига шубҳа йўқ” деб ёзган эди 81 . Чиғил қабиласи IX-X асрларда асосан Иссиқкўлнинг жанубий шарқида, Талас дарёси ҳавзасида, Тароз шаҳри яқинидаги Чиғил шаҳрида ва унинг 78 Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни... 159-бет 79 Шониёзов К.Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни... 157-бет 80 Бартольд В.В. Очерки истории Семиречья. Соч.Т.II ч.I.М.1960.С.37.; История культурной жизни Туркестана. Т.II ч.I..С.243. 81 Шониёзов К.Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни... 159-бет 44 атрофларида ҳамда Қашғар шаҳрида яшаганлар. Асосий қисми кўчманчи ва ярим кўчманчи бўлган. Еттисувга келишдан олдин чиғилларнинг асосий қисми Иртиш бўйларида, Жунғорияда яшаганлар. Улар кўпсонли бўлиб, ўтовларда яшаб чорвачилик билан шуғулланганлар. Чиғилларнинг ўтроқлашган ва ярим ўтроқ гуруҳлари дехқончилик ва ҳунармандчиликнинг айрим соҳалари билан ҳам машғул бўлганлар. Уларнинг кўпчилиги XI аср бошларида Моворауннаҳр ҳудудига кўчиб ўтиб, ғарбий Қорахонийлар давлатидаги ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштирок этганлар. Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу этник уюшма қарлуқлар билан бирга ўзбек халқини алоҳида элат бўлиб шаклланишида муҳим рол ўйнаган. Умумўзбек тилининг қарлуқ-чиғил лаҳжасини ташкил этганлар. Қарлуқ этник уюшмасидаги ташили этнонимли этносининг этник мансублиги хали аниқланмаган бўлсада, ушбу этносни туркий тиллилиги, қарлуқ қабилаларидан бири эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Қарлуқ давлати юқорида айтиб ўтилган қабилалар билан бирга ўз таркибига бошқа кўплаб уруғларни бирлаштирган. Унинг ҳудудида бир қатор кўчманчи, яримкўчманчи қабилалар ва турғун аҳоли яшар эди. Кўчманчи ва яримкўчманчи қабилалар ичида энг йириклари яғмо, тухси, арғунлар эди. Яғмолар ҳақида қуйидаги тарихий маълумотлар бор. Яғмолар ўз этник келиб чиқиши жиҳатидан уйғурларга, улар орқали теле қабила уюшмасига бориб тақалади. 840 йилда Уйғур хоқонлиги емирилгач, уйғурлар таркибидаги 15 уруғ Жунғориянинг ғарбий қисмига, Тарғабатойга келиб ўрнашганлар ва қарлуқлар хомийлигига ўтиб, уларнинг рухсати билан Фарғона водийсининг шимолидаги тоғли ҳудудларга (аниқроғи Норин дарёсининг юқори оқимларига) ҳамда Қашғар яқинига келиб ўрнашганлар. Кейинчалик яғмолар 45 туркий тилли аҳоли билан аралашиб, ўзбек халқи этник таркибига қўшилиб кетган. Этник номларини (этнонимларини) унутганлар. Download 419.3 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling