В. М. Каримова, Н. Шомуродова. Этнопсихология. Олий юртлари талабалари учун ўқув қўлланма. – Тошкент, 2012


Download 1.05 Mb.
Pdf ko'rish
bet15/23
Sana29.03.2023
Hajmi1.05 Mb.
#1306889
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   23
Bog'liq
2615-Текст статьи-6515-1-10-20200706

 
МИЛЛИЙ УРФ-ОДАТ ВА АНЪАНАЛАР 
Маълумки, хар бир индивид шахс сифатида шаклланар экан, фақат ўзи 
яшаб турган даврдаги ижтимоий муносабатлар таьсири остида бўлиб 
қолмасдан, шунингдек, тарихий тажрибалар, аждодлар томонидан яратилган, 
тўпланган ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маданий мерослар, миллий 


59 
қадриятлар таъсири остида ҳам шаклланади. 
Бунда айниқса, ҳар бир халққа хос бўлган миллий урф-одат ва 
анъаналарнинг роли каттадир. Шундай экан, этнопсихологиянинг асосий 
ўрганиш объектаридан бўлган урф-одат, анъана, удум ва турли 
маросимларни атрофлича ўрганиш, уларнинг вужудга келиши, намоёи 
бўлиши, сақланиши ва ўзгарувчанлиги каби қонуниятларини очиб бериш ҳам 
назарий, ҳам амалий жиҳатдан аҳамиятга моликдир. 
Ҳар бир даврнинг, ҳар бир халқнинг ижтимоий-иқтисодий, табиий-
географик шароитига мос бўлиб тушадиган ва уни ўзида акс эттирадиган 
урф-одат ва анъаналалари бўлади. Одамзот онгли ҳаёт кечира бошлагандан 
буён вужудга келган урф-одату маросимлар, удум ва анъналарни ҳисоблаб 
чиқиш қийин. 
Миллий урф-одат ва анъаналарла бутун бир халқнинг ижтимоий 
эхтиёжлари, ахлоқ нормалари, манфаатлари, амалий тажрибалари ва тарихий 
яшаш шароитлари ўзига хос равишда мужассамланган бўлади. Улар 
халқнинг фаолияти жараёнида намоён бўлади. Ҳар бир халқнинг бутун 
тарихи давомида яшаш шароитининг характери ва хусусиятларидан келиб 
чиққан ҳолда кишилар ўртасидаги муносабатларнинг маълум норма ва йўл-
йўриқларини яратилади. Бундай норма ва йўл-йўриқлар авлоддан-авлодга 
ўтиши билан такрорланиб, урф-одат ва анъаналарга айланиб қолади. 
Миллий урф-одат ва анъаналар шахснинг ижтимоий муносабатларга 
киришишида шахснинг хулқ-атворларини ижтимоий жиҳатдан белгиловчи, 
шакллантирувчи вазифаларни бажаради. Қайси бир урф-одат ва анъанани, 
удум ёки маросимни уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмасдан туриб 
қарайдиган бўлсак. улар бир қарашда, беъмани, беҳуда бўлиб кўринади.
Аслида эса уларнинг барчаси келиб чиқиши бўйича халқнинг ижтимоий-
иқтисодий ва амалий фаолияти натижасида вужудга келган ва уларнинг 
маълум моддий ва маьнавий эхтиёжларини қондириш учун хизмат қилган. 
Ўрта Осиё ва Кавказ халқларининг айримларида мавжуд бўлган ва ҳозирги 
кунда эскилик сарқити, деб қораланадиган "қалин" бериш одатини ўрганган 


60 
баъзи олимлар, ҳозирги даврга келиб, бу одат фақат рамзий қимматга эга 
бўлиб колганини кўрсатишди. 
Маълумки, экзогам никоҳли хукм устивор даврларида қиз олиш ва қиз 
бериш бир қабила ёки уруғ доирасида бўлмасдан, бошқа қабила ва уруғлар 
билан бўлар эди. Бир қабила бошқа қабилага қиз бергандан кейин, қиз берган 
қабила ёки оила заифлашиб қолмаслиги учун улар ҳам албатта қўшни 
қабиладан қиз олишлари ва шу билан аҳоли ўсиш нисбатини ва иқтисодий 
балансини сақлаб туришлари керак бўлган. Лекин айни шу пайтда қўшни 
қабилада бўйига етган, яъни, балоғатга етгавн қизнинг бўлмаслиги ёки 
нариги қабилада уйланадиган йигитнинг бўлмаслиги натижасида бундай тенг 
ҳолда қиз алмаштиришлар жуда кам пайтлардагина амалга ошган. Бундай 
ҳолларда йигит томон қиз томонга қиз бериш имконияти келгунга қадар 
турли-туман мол-дунё ҳисобида кафолат ёки хозирги тушунчамизча "қалин" 
бериб турган. 
Бу фикрнинг тўғрилигини шундан ҳам кўрсак бўладики, экзогам 
никоҳнинг қўлланишлиги мажбур бўлмаган. Ўрта Осиё халқларида қалин 
бериш ҳодисаси, деярли учрамайди. Учраса ҳам экзогам никоҳи 
қўлланиладиган халқлар даржасидаги шакл ва мазмунда эмас. Шунингдек 
ҳар бир халқда у ёки бу нарсаларга нисбатан турли таъқиқлар мавжуд 
бўлади. 
Кузатишлар, илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, турли халқлардаги 
таъқиқлар, манъ этишларнинг ҳаммаси ҳам бемаъни ва зарарли бўлмай, 
маълум зарурат билан вужудга келар экан. Яьни, улар халқнинг яшаш 
тарзига, эҳтиёжларига мос келганлиги учун ҳам асрлар давомида авлоддан-
авлодга ўтиб келган. Бу мисоллар шуни кўрсатадики, одат ва анъналар халқ 
ҳаётига, турмуш тарзига онгли равишда кириб келади, лекин уларнинг 
таъсири эса стихияли бўлади. 
Шунинг билан бирга айрим урф-одат ва анъаналар ўз умрини ўтаб 
бўлган бўлса ҳам, яшовчанлик хусусиятига эга бўлганлиги учун яна узоқ вақт 
сақланиб, одамлар онгига таьсир етиб туради. Бу нарса инсонлар 


61 
психологияси билан боғлиқ бўлган феномен ҳисобланади. Чунки, 
мустаҳкамланиб қолган урф-одат ва анъаналарга амал қилмаслик кўпчилик 
томонидаи қораланади. Кўпчиликнинг таьна маломатига қолишдан қўрқиш 
ва тортиниш, жамиятнинг ҳар бир аьзосини урф-одатларга онгли ёки
кўр-кўрона бўлса ҳам амал қилишга мажбур қилиб қўяди. Урф-одат ва 
анъаналар кўпинча синоним сўзлар сифатида ишлатилса ҳам, бу терминлар 
тушунчалар ўртасида фақат терминологик тафовут бўлиб қолмасдан, яна 
маъно жиҳатдан ҳам фарқ бордир.
Урф-одатлар асосан оилавий, маиший соҳалар билан боғланган бўлади 
ва унда ахлоқий, диний ва ҳуқуқ нормалари ўз аксини топади. Анъаналар эса 
ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида мавжуд бўлиш билан биргаликда, яна 
ишлаб чиқариш жараёнини ҳам қамраб олади. Аньанада кишиларнинг нарса 
ва буюмларга, табиатга бўлган муносабатлари ифодаланади. Маълумки, 
фанда, санъат ва адабиётда, армия ва олий ўқув юртларида, спорт ва ишлаб 
чиқариш жамоаларида урф-одат бўлмайди, балки аньаналар мавжуд. 
Масалан, армияга янги борган солдатнинг қасамёд қабул қилиши, олий ўқув 
юртига кирган ёшларни талабалар сафига қабул қилиш тантаналари, йирик 
спорт мусобақаларида ғолиб спортчи шаънига мамлакат байроғининг 
кўтарилиши ва мадҳиясини янграши - булар анъналар ҳисобланади. Бундан 
ташқари анъананинг таъсир доираси нисбатан кенг бўлиб, битта анъана бир 
неча урф-одат, удум ва маросимларни ўзида қамраб олган бўлиши мумкин. 
Мисол тариқасида халқимизда мавжуд бўлган меҳмондўстликни олиб 
қарайдиган бўлсак, ушбу фазилат у ёки бу даражада ҳар бир халқ ва миллатга 
хос бўлган хусусиятдир. Лекин бу нарса юқорида кўриб ўтганимиздек, ўзига 
хос ижтимоий-тарихий шарт-шароитлар таъсири остида, оилавий-маиший 
ҳаётдаги муносабатлар натижасида ўзбек халқида ўзига хос бир йўсинда 
намоён бўладики, бу ўзбек халқининг миллий хусусиятига, миллий анъанага 
айланиб қолган. Мана шу меҳмондўстлик анъанаси бир неча урф одатлар, 
удумлар орқали тўла намоён бўлади. Масалан, ўзбек оилаларида меҳмонлар 
доим очиқ чеҳра ва ширин калом билан кўтиб олинади. Хонадондаги энг 


62 
яхши ва ноёб нарсалар (бундай нарсалар доимо "меҳмон учун", деб 
сақланади) меҳмон олдига қўйилади. Меҳмон хонадонга кириб келиши билан 
мезбон икки қўлини кўксига қўйиб, "хуш келибсиз", деб кўтиб олинади ва 
ҳурматли зот сифатида энг юқори жойга, дастурхоннинг тўрига ўтқазилади. 
Қўни-қўшнилар чақирилиб, меҳмонга ҳамсуҳбат ва улфат қилинади. Овқат 
ҳам биринчи бўлиб, ёшидан қатьий назар меҳмонга тортилади. Меҳмон 
бошламагунча, оиланинг бирорта аъзоси биринчи бўлиб таомга қўл урмайди. 
Ўтиришда биринчи сўз ҳам мехмонга берилади, унинг сўзига диққат билан 
қулоқ солинади. Унга эътироз билдириш, райини қайтариш, катта айб 
ҳисобланади. Меҳмон олдида оила аъзолари бир-бирлари билан хуш-
муомалада бўлишлари, ҳатто "мушугини ҳам пишт", демаслиги керак. 
Меҳмон кузатилаётганда, кўтиб олиш чоғидагидек икки қўл кўксида бўлиб, 
"хуш кўрдик", "яна келиб туринг", деб ҳайр-маъзур қилинади. Кавказдаги 
тоғли халқларда хун олиш бор. Агар хундор душман уйи остонасидан кириб 
келса, душманлик йўқолади. Ҳамма уни азиз меҳмондек кўтиб олиши шарт. 
Қишлоқдан, овулдан чиқиб кетгач, душманлик яна тикланади. Уларда ҳам 
меҳмон дахлсиз. Икки қўшни халқ - ўзбеклар билан қозокларнинг тўй 
ўтказиш вақтида бажарадиган турли удум ва маросимларини машҳур 
ёзувчимиз Ойбек "Болалик" қиссасида жуда моҳирлик билан тасвирлаган. 
Мана, қозоқлар тўйида бўладиган маросимлар қандай тасвирланган. "Бир 
ўтовда одамлар тиқилинч... Аёллар эрлардан қочмайди. Аралаш-кўралаш. 
Бир-бирларининг елкаларини қоқиб, бемалол ҳазиллашиб сўзлашишади... 
Бирдан қозоқлар типирчилаган, осмонга сапчийдиган арғумокларига миниб, 
улоқни бошлаб юборишди... Улоқдан шўҳ қизлар, аёллар ўтирган уловга бир 
тўда ясанган йигитлар кириб келади. Қизлар баланд, қўнғироқ овоз билан, 
жонли имолар билан, кўзларини чиройли ўйнатиб қўшиқ айтади... Кулги, 
қийқириқ ўлан тинмайди... Куёв билан келин ўлан айтишади..." 
Энди тўй маросими ўзбекларда бошқача кечади. Кароматнинг туйи 
тасвирида эркаклар ва аёллар деярли қўшилишмай, маросимни алоҳида-
алоҳида ўтказишади. "Қиз оши" куни қизнинг узоқ-яқиндаги дугоналари ва 


63 
маҳалланинг қизлари тўпланишади. Дуторга жўр бўлишиб, ашула айтишади. 
Атрофда эркаклар бўлмаса ҳам, ийманишиб, "Сен тур, сен тур," дейишиб 
бир-бирларини ўйинга тортишади... Тўй куни турли кўнгил очувчи ўйинлар 
ташкил қилинади, аёллар "ёр-ёр" айтишади ва ҳакозо. 
Мана шу бадиий тасвирдаги икки халқда мавжуд бўлган тўй ўтказиш 
жараёнидаги удум ва маросимлар анъана сифатида бир неча асрлар давомида 
авлоддан-авлодга етиб келган. 
Урф-одат, анъана, удум ва маросимлар бир-бирлари билан чамбарчас 
боғлиқ ва доимо бир-бирини тўлдириб, бир-бирига ўтиб туриши мумкин. 
Баьзан маълум урф-одат анъана ҳам саналиши мумкин, деб кўрсатади 
профессор Н.Сарсенбаев. Масалан, меҳмонга борганда "ювош ўтир", деган 
ўзбек мақоли бор. Ўзбеклар орасида бу - одат бошқа миллат вақиллари 
доирасида эса бу одат ўзбек халқининг миллий анъанаси сифатида намоён 
бўлади. 
Ижтимоий мазмуни ва аҳамиятига қараб урф-одат ва анъаналар илғор ва 
қолоқ бўлади. Илғор урф-одат ва анъаналар кенг халқ омма манфаатларига
хизмат қилади ва ижтимоий ривожланишга ижобий таъсир кўрсатади. 
Қолоқ урф-одат ва анъаналар деб, умрини ўтаб бўлган давр руҳига мос 
келмайдиган, ижтимоий ҳаёт тараққиётига монелик қиладиган урф-одат ва 
анъаналарга айтилади. 
Шунинг учун ҳам урф-одат ва анъаналарни ўрганишда, риоя қилишда, 
ниҳоят даражада эхтиёткорлик билан ёндошиш зарур бўладики, шошма-
шошарлик билан улар тўғрисида хукм чиқариш, норозиликларга ва тузатиб 
бўлмас хатоларга олиб келиши мумкин.
Бизнинг асосий вазифамиз ва бурчимиз ҳам аждодларимиздан етиб 
келган кўплаб урф-одат, анъана, удум ва маросимларни ҳар томонлама 
ўрганиш, асрлар синовига бардош берган ва давр синоатидан ўтган, 
турмушимизга файз киритадиган, кишиларни етукликка чорлайдиган илғор 
урф-одатларимизни сақлаб қолишимиз ва аксинча, качонлардир турли 
сабаблар билан вужудга келган, эндиликда ўз умрини яшаб бўлган, қоп-


64 
қоронғу тун каби дилимизни сиёҳ қилаётган, энг муҳими жамият 
таракқиётига монелик қилаётган урф-одат ва анъаналардан воз кечишимиз 
керак. 
Ўзбек халқининг меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, 
меҳмондўстлик, ҳовли-жойни озода тутиш, ризқи-рўзимиз бўлган турли-
туман ноз-неъматларни эъзозлаш ва шунга ўхшаш бир қанча миллий урф-
одат ва анъаналари борки, уларни ўрганиш, ёшларни шу анъаналар руҳида 
тарбиялаш катта аҳамиятга эгадир. 
Ота-она ҳурматини бажо келтириш, кексаларни эъзозлаш каби одат ва 
анъаналар ўзбек оилаларида ёшликдан болалар онгига сингдирилиб 
борилади. Ота-она ва катталар, ёшларга бошқалар билан муомала қилиш ва 
муносабатга 
киришиш 
йўл-йўриқларини 
ўргатиб, 
одамийликдан, 
инсонларварликдан сабоқ бериб боришади. 
Ўзидан катта ёшда бўлган кишиларни ҳурматлаш билан боғлик бўлган 
анъанага кўра, ёшлар уларни кўрганда таниш-танимаслигидан қатъий назар, 
уларга биринчи бўлиб салом бериши, йўлда учратганда биринчи бўлиб 
уларни ўтказиб юбориши, гаплашганда мулойим гаплашиши, уларга терс 
жавоб бермаслиги, доимо "Сиз," деб муомалада билиши, уларнинг исми, 
лақабини айтиб чақирмаслиги, қўлидан юкини ва юмушини олиши ҳамма 
ерда ҳам уларга жой бўшатиб беришлиги ва шунга ўхшаш одоб нормаларига 
риоя қилишлиги керак бўлади. Ҳар бир қария, ёши катта киши ўзлари шахсан 
танимаган ёшларга ҳам панд-насиҳат қилиши, танбеҳ беришлиги мумкин. 
Ёшлар ҳам уларнинг сўзини бўлмасдан тинглаши ва бундан жаҳли 
чиқмаслиги керак. 
Ўзбек оилаларида ўтадиган бирон-бир йиғилиш, маросим, тантанали 
тўй-тамошалар, ҳашар ва ободонлаштириш ишлари "ақлнинг кўзи" бўлган 
нуроний кексаларимиз маслаҳатисиз, иштирокисиз ўтмайди. 
Узоқ сафарга кетаётган ва қайтиб келган ҳар бир киши, албатта, маҳалла 
ва қишлоқнинг ҳамма кексаларини ва хаста бўлиб ётган кишиларни бориб 
зиёрат қилиши зарур. Агар сафардалик даврида, маҳалладаги бирор киши 


65 
вафот этган бўлса, биринчи навбатда унинг оиласига бориб таъзия 
билдирилади. 
Миллатимизнинг асрий анъана ва урф-одатлари, миллий хусу-
сиятларимизни билмасдан, ҳисобга олмасдан туриб миллий мафкурани 
шакллантириш мумкин эмас. Бунда "... Шарқ халқлари учун нотаниш, аммо 
миллий табиатимизга мос бўлган ўз-ўзини бошқарув усули - маҳаллани 
ривожлантириш ҳамда унинг мавқеини ошириш" керак. 
Жамият ҳаётида тотувлик ва ижтимоий тарбияни ташкил қилишда 
маҳалланинг аҳамияти беқиёсдир. Табиат қийинчиликларини, ташқи хавф-
хатарларни биргаликда енгиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини 
ташкил этишда кучларни бирлаштириш, яхши-ёмон кунларда бир-бирига 
елкадош бўлишга интилиш туйғуси ўзаро меҳр-оқибат сингари ноёб инсоний 
фазилатлар маҳаллаларда шаклланган ва авлоддан-авлодга ўтиб келган. 
Маҳаллани ўзини ўзи бошқариш мактаби, таъбир жоиз бўлса, демократия 
дарсхонаси, деб аташ мумкин. 
Эл-юртга манзур бўлган, эл билан шахс ўртасида ғов бўлиб ётмаган, энг 
муҳими, эл шаънига доғ туширмайдиган, халқнинг донолиги асосида яралган 
энг яхши урф-одат ҳар доим эъзозланиб, сақланиб келинади. Зеро, бундай 
анъаналаримиз, биринчидаи, ҳозирги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмасдан, 
янгидан-янги мазмун ва шакл билан бойиб, фозил инсонга хизмат қилиб 
келяпти. Анъанавий характерга эга бўлган ўзбек халқининг меҳмондўстлиги 
ҳам ҳозирги даврда янги ижтимоий мазмун касб этиб, халқдар дўстлиги ва 
бошқа халқ вакилларига бўлган ҳурмат-эҳтиромимизни кўрсатувчи омил 
сифатида намоён бўлмокда. Ҳеч бир авлод ўзигача яратилган ва тўпланиб 
келинган маданий меросларсиз, билим ва анъаналарсиз яшай олмайди. 
Маьлум бир жамиятда яшар экан у, аждодлар томонидан тўпланган
меросларни ҳаётининг биринчи кўпиданоқ ўзлаштириб боради. Шунинг учун 
ҳам халқ ҳаётига сингиб кетган урф-одат ва анъаналарни ҳеч қандай 
фармойиш ва маъмурий йўл билан йўқотиб бўлмайди. Лекин маданий 
меросимизни ўрганишда илғор урф-одат ва аньаналарни эски анъаналардан 


66 
фарқлашда баъзан нотўғри ёндошишлар ҳам бўлганлигини таъкидлаш керак. 
Масалан, яқингача аҳоли ўртасида кенг тарқалган. "Наврўз байрам"ига 
асоссиз равишда диний тус берилиб, нотўғри асосда танқид қилиниб, манъ 
этиб келинди. Келиб чиқиши ва мазмунига кўра "Наврўз" байрамини диний 
ҳам, консерватив ҳам, деб бўлмайди. Уни ўтказиш расм-русумлари, 
удумлари баҳор фаслининг кириб келишида ризқи-рўз бўлган экин-тикин 
ишларини бошлаб юбориш қувончларини тараннум этадиган халқ 
тантанасидир. Наврўз - Шарқ халқларида янги йилнинг кириб келишидир. 
Урф-одат ва анъаналар ҳар бир халққа абадул-абад берилган ва ҳеч 
ўзгармайдиган нарса эмас. Ҳаёт уларни ғалвирдан ўтказиб, пучисини 
пучакка, сарасини саракка ажратиб беради. Янги даврга мослаша олгани 
сақланиб қолади. Шунинг билан бирга ҳар бир давр ўзининг удум ва 
маросимларини, урф-одат ва анъаналарини яратади. Янги вужудга келаётган 
урф-одатлар ўз-ўзидан, қуруқ ерда пайдо бўлмасдан, асосан икки манъба - 
биринчиси, илгари мавжуд бўлган илғор анъаналар замон руҳига 
мослаштирилади, иккинчиси, бошқа халқлар билан бўладиган иқтисодий, 
маънавий алоқалар натижасида улардаги илғор анъаналар ўзлаштирилади. 
Кейинги йилларда хукуматимиз томонидан маҳалланинг жамиятни 
бошқаришдаги вазиятлари кенгайтириб, мавқени ошириб бораяпти. Давлатни 
бошқаришнинг айрим функциялари унга ўтаяпти. Маҳалла савдо ва 
хунармандчилик мавзеларини ифодаловчи арабий сўз бўлиб, Х асрдаёқ 
мавжуд бўлган. Тошкент шаҳар хокимиятининг ташаббуси билан 1996 
йилдан буён август ойининг биринчи шанба куни "Маҳалла куни" деб қабул 
қилинган ва шаҳардаги Ғофур Ғулом номидаги боғда бу кун тантана билан 
байрам қилинади. Шаҳар бўйича энг яхши маҳалла, маҳалла раиси, хотин-
қизлар кенгаши раиси, посбонлар сардори, намунавий оила каби танловлар 
ўтказилади, бу ҳам янги давр руҳи билан туғилиб анъана тусини олаётган 
маросимдир. 
Янги маросим, урф-одат ва анъаналарнинг вужудга келишини ўз холига 
ташлаб қўйилмасдан, уни яратишга бутун жамоатчилик бош-қош
 
бўлиб 


67 
туриши, унга ижодий ёндошиш керак бўлади. Жамият, халқнинг турмуш 
тарзига ва этник хусусиятларига мос келажак ижтимоий ғоялар билан 
суғорилган янги урф-одат, анъана ва маросимларга кенг йўл очиб, турмушга 
сингдириб бориш зарур.

Download 1.05 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   23




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling