Ўзбекистон республикаси фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти қўлёзма ҳуқуқида
III боб. Таржимада талқин ва таржимон изоҳининг ўрни
Download 282.99 Kb.
|
Dissertatsiya Guljahon Namazova (4)
- Bu sahifa navigatsiya:
- 夕阳在地平线上烧
III боб. Таржимада талқин ва таржимон изоҳининг ўрни
Бадиий таржимада макон ва замон талқинига доир Табиатда, одамзот ҳаётида бўладиган ҳар қандай воқеа, ҳар қандай ҳаракат вақт билан узвий боғлиқликда кечади. Вақт тушунчаси ичра кеча, бугун ва эрта мавжуд экан, барча кечинмалар ана шу ўтган, ўтаётган ва ўтажак вақт бирлиги кесимида содир бўлади. Табиий вақт хронологик тартибда кечади. Ва ҳар бир ҳаракат ўз соати билан пешма-пеш, навбатма-навбат айланиб тураверади. Улуғбек Ҳамдам “Томчиман бир... Денгизга ташна” 125 Жалолиддин Румийнинг “Мажолиси сабъа” –“Етти мажлис” асари ҳақидаги мақоласида айни шу ҳаракат ҳақида ёзади: “...бир томчи сувнинг уммондан буғланиб чиқиб, она сайёрамизнинг қайси бир гўшасида ёмғир бўлиб ёғиши, хиёл ўтмай замин қаърига сингишию ҳафталар сўнгра ўсимликлар танасида кўз очиши, кейинроқ эса мева, сабзавот, майса шаклида махлуқот организмига кириши, ундан яна тупроққа иниши ва айни шаклдаги ҳаракатини такрорлай-такрорлай вақти-соати етиб, тағин ўз ватани ҳисобланмиш ўша уммон бағрига қайтиб келиши... Бу – томчининг умри ҳақидаги ажойиб саргузашт-ҳикоя эди мен учун”. Демак инсон ҳам худди ҳикматдаги каби “туғилиши билан уммондан айрилган бир сув томчиси ҳолига келади ва ўлим орқали яна ўз ватанига қайтади!” Инсон кунлардан иборатдир. Ҳар бир ўтган кун бир қисмнинг кетганидан далолатдир. Вақт ҳеч қачон бетараф бўлмайди. Ҳар бир ўтган вақт инсоннинг ё фойдасига ёки зарарига бир ҳужжат бўлади. Бадиий адабиётда эса вақт ҳодисаси ўзгача шаклда намоён бўлади. Воқеалар хронологик тартибга бўйсунмайди. Бадиий асардаги вақт ёзувчи шуурида туғилиб, қаҳрамонлар ҳатти-ҳаракати, характери, асар композициясида юзага чиқади. Бадиий вақтни астрономик вақт ўлчовларидан излаш мақсадга мувофиқ эмас. Ҳақиқий ҳаётда кеча ўтган кунни бугун, бугунни эса эртага ортга қайтариб бўлмайди. Бадиий адабиётда эса ҳаммаси ўзгача – бундан беш юз ёки минг йил илгариги тарихга қайтиш ва хаёллар ичра келажакка ҳам саёҳат қилиш мумкин.Бадиий асарда вақт замон, макон ва ҳаракат тизимида иштирок этади. Ёзувчи томонидан яратилган бадиий макон эса ҳаракат содир бўладиган дунёнинг тасвиридир. Ҳаракатдаги борлиқ маълум бир замонда ва маконда мавжуддир. Айни шу мавжудлик замирида ҳам вақт тушунчасига рўбарў келамиз. “Вақт материянинг яшаш шакли сифатида моддий дунёдаги жараёнларнинг узлуксизлигини характерлайди. Объектив равишда бирин-кетин бўлиб ўтган, бўлаётган ва келгусида бўладиган жараёнлар йиғиндиси дунёнинг узлуксиз яшаши ва ривожланиши асосида ётади. Вақт бир ўлчовли бўлиб, фақат бир томонга, илгарига қараб боради”.126 Бадиий вақт эса “... сюжетлардан ташкил топган воқеалар ўзагида ҳосил бўлиб, унда ҳар бир персонаж худди реал объект сингари ўзининг индивидуал вақтига эга бўлган бир неча вақтлар йиғиндисини ташкил қилади”.127 Макон – вақт билан узвий боғлиқ бўлган объектив дунёнинг мавжудлигидир. Вақт ҳаракатда экан, асарда макон ҳам вақт билан ҳамоҳанг ўзгариб бораверади. Бу ҳамоҳанглик илмий адабиётда хронотоп (грек. Chronos – вақт ва topos — макон) дейилади. Адабиётшуносликда бу назарияни илк бор М.М.Бахтин илгари сурган. Олим ўзининг “Формы времени и хронотопа в романе. Очерки по исторической поэтике” номли мақоласида “Существенную взаимосвязь временных и пространственных отношений, художественно освоенных в литературе, мы будем называть хронотопом (что значит в дословном переводе — «время пространство»). Термин этот употребляется в математическом естествознании и был введен и обоснован на почве теории относительности (Эйнштейна). Для нас не важен тот специальный смысл, который он имеет в теории относительности, мы перенесем его сюда — в литературоведение — почти как метафору (почти, но не совсем); нам важно выражение в нем неразрывности пространства и времени (время как четвертое измерение пространства). Хронотоп мы понимаем как формально-содержательную категорию литературы (мы не касаемся здесь хронотопа в других сферах культуры)” 128 деб ёзади. Олим бадиий оламдаги вақт ва маконни хронотопнинг икки томони сифатида баҳолаган. Ҳамда замоний ва маконий белгилар бир бутун сифатида англанади. Бу ерда вақт зичлашади, қисқаради, бадиий кўринишли бўлади. Адабиётшуносликда кейинги йилларда таржима хронотопи масаласига кенг эътибор қаратилмоқда. Таржима хронотопи энди ўрганила бошланган янги соҳадир. “Таржима хронотопи” терминини фанга илк марта Л.В Кушнина киритди129. У олимларнинг хронотоп борасидаги мулоҳазалари, таржимада макон ва замон концепциясига асосланган ҳолда таржимада замон ва маконни яхлит ҳолда ўрганиш учун ушбу тушунчани илмий фойдаланишга киритди. Таржима хронотопи, деб тушунтиради олима, дунё таржима оламини тушуниш натижасидир. Бунда таржима олами манзараси ва икки тил (асл матн ва таржима матни – Г.Н) маданияти ҳамда уларнинг ҳар бирига хос бўлган макон-замон хусусиятлари англанади. Таржимада макон – бу таржимон ўзини топадиган муҳит бўлиб, унинг вазифаси асл матн таркибидаги маънолар тўпламини ўзлаштириш ва уларни таржима матни ўз ичига олиши керак бўлган бошқа маънолар тўпламига айлантиришдир130. Биринчи навбатда илмий адабиётларда таржима хронтопи ва унда вақт бирликларнинг ифодаси ҳақидаги изланишларни кузатсак, масала ойдинлашади. Тадқиқотчилар мазкур масала юзасидан фикрларини турли даражада талқин этишади. Уларни кузатишга ҳаракат қиламиз: Таржима хронотопи таржима оламини ўзлаштириш жараёнининг натижаси бўлиб, ўзида замон ва вақт бирликларини ифодаловчи она тили ва маданияти ва бошқа томондан ўзга тил ҳамда маданиятининг яхлит манзарасини акслантиради. Таржима хронотопи таржима қилинаётган асардаги макон ва замоннинг ўзига хос синтези бўлиб, ўзига хос бадиий функцияни бажарувчи макон ва замон бирликларини янгидан шакллантириш ва маънони ифодалаш каби жиҳатлар таржимон томонидан ўзлаштирилган бўлиши лозим. Таржима хронотопи лингвистик-таржима категорияси сифатида таржима жараёнининг энг юқори чўққиси бўлиб макон ва замонга хос маъно қатламларини уйғунлаштириш жараёнини белгилайди ва “маъно доирасига кириш фақат хронотоплар эшиклари орқали рўй беради.” Таржима хронотопи бу “жараён сифатида замон ва маконинг ўзига хос хусусияти бўлиб, натижада ноёб таржима матнини юзага келтиришга хизмат қилади”. Таржимон тиллараро ва маданиятлараро алоқалар, ўзаро таъсир жараёнидаги ўзига хос марказий фигурасидир. Бинобарин, таржима хронотопи маданият ва тиллар орасидаги таржимон-воситачисининг ўзига хос намунасидир. Таржимон ўзга маданият ва маконий бирликларни она тилида беришда медиатор вазифасини бажаради. Муаммога вақт ва замон бирликлар контекстида ёндашиб, фикрларимизни асардан олинган парчалар билан изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, таржима кўп босқичли жараён экан, бунда ҳар бир таржимон алоҳида шахсият сифатида асарда тафаккур тарзидан келиб чиқиб ёндашади. Ойбек Навоий даҳосини ўзи яшаган тарихий-адабий жараён контекстида тасвирлаган. Тасвирда туркий халқлар маданий тафаккури маҳаллий ва диний қадриятлар тизими асносида берилади. Рус тилидаги таржималарда эса таржимонлар ўзи мансуб миллат нуқтаи назаридан талқин этади, хитой таржимонлар улардан фарқли равишда ўз менталитетидан келиб чиқиб ёндашади. Бир ўринда сўфи сўзи русчада суфи, хитойчада эса монах тарзида ифодаланади. Ойбек вақт бирликларини ифодалашда диний урф-одатлар доирасида фикр юритса, таржимонлар бу ҳодисанинг моҳиятини англаб-англамай ўз тушунчалари қамровида талқин қилади. Вақт бирликлари ифодаси тасвирнинг бу тарзда ҳал этилиши таржимонлар учун янги имконият бўлиши мумкин. Сабаби, улар бир вақтнинг ўзида асардаги бадиий вақтни кўрсатса, иккинчи томондан маҳаллий халқнинг ўзига хос қадриятлар тизимини кўрсатади ва таништиради. “Навоий” романида мутафаккир ҳаётининг сўнгги ўттиз йили тасвирланади. У дўсти Ҳусайн Бойқаронинг ҳукмронлик йилларига тўғри келган бу йилларнинг асосий қисмини Ҳиротда ўтказади. Ўз севикли шаҳрини таърифу тавсиф этиш учун Навоий бутун истеъдодини ишга солади, тенгсиз ифодалар топади ва уни ўз асарлари руҳига сингдиради. Романда шаҳар хронотопи олд планда туради. Ойбек Ҳиротни шундай тасвирлайдики, шаҳарнинг ҳар бир бурчаги кўз олдингизда гавдаланади. Ёзувчи буюк шахсга алоқадор нимаики бўлса, барини синчковлик билан ўрганади. Ойбек “Ҳирот харитасини олдига қўйиб, кўҳна шаҳар кўчаларини хаёлан неча марталаб кезиб чиқарди. Навоий замондошлари, уларнинг шоир ҳақида айтган гаплари, сарой зиддиятлари, дўстлари ва душманлари, подшоҳнинг беқарор ўйлари, бари-бари Ойбек хотирасига ўрнашиб қолди”.131 Худди Навоий каби Ойбек ҳам романда Ҳиротни жуда гўзал, шоирона тасвирлайди: “Меҳмонлар кечга томон тарқалишди. Алишер Биноийни олиб қолди. Қуёш уфқда алангада эди. “Унсия” ажойиб эди. Бир нафас кезгали чиқдилар”. (258-бет) Таржимон Ванг Женг Жонг жумлаларни қуйидагича таржима қилади. 客人们傍晚时散去,纳沃依留下了比那依。 夕阳在地平线上烧,“友谊院”异常美丽,他们走出来散一会儿步。(Kèrénmen bàngwǎn shí sàn qù, nà wò yī liú xiàle bǐ nà yī. Xīyáng zài dìpíngxiàn shàng shāo,“yǒuyì yuàn” yìcháng měilì, tāmen zǒu chūlái sàn yīhuǐ'er bù). (266-б ) Кечга яқин меҳмонлар тарқалишди, Навоий Биноий билан қолди. Уфққа ботаётган қуёш алангаланмоқда, “Дўстлик уйи” ниҳоятда чиройли эди, улар бир муддат ташқарига чиқдилар. Таржимон муаллиф фикрини тўлиқ тушунган ва китобхонга аниқ етказишга ҳаракат қилган. “Кечга томон”ни 傍晚时 (bàngwǎn shí) – под вечер, к вечеру132 деб тўғри таржима қилган. “Қуёш уфқда алангада эди”... Романда ёзувчи турли шоирона гўзал ифодалар ила қуёшни буюк сиймога ҳамроҳ қилади. Бу жумлада муаллиф кун ботиш олдидан қуёшнинг ҳолатини ва вақтни жуда нафис ифодалайди. Таржимон бир ўқишда бошқа тил вакилига тушуниш қийин бўлган ушбу шоирона ташбеҳни аниқ англайди ва аниқ таржима қилади: 夕阳在地平线上烧 (Xīyáng zài dìpíngxiàn shàng shāo) — Уфққа ботаётган қуёш алангаланмоқда... “Унсия”ни унсия эмас, “友谊дан 院” “yǒuyì yuàn”—“Дўстлик уйи”, деб таржима қилади. Таржимоннинг бу ерда қўшимча изланганини билиб олиш қийин эмас. У жумлада “Унсия” сўзининг таржимасини бериб кетади. Фикримизча, таржимон тутган йўл тўғри. Хитойлик китобхонга “Унсия”дан кўра “дўстлик уйи” кўпроқ тушунарлироқ бўлади. Манбаларда ҳазрат яшаган уй шундай номлангани ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, “Ҳирот шаҳрида ҳазрат Алишер Навоий яшаган уйга тарихий манбаларда, жумладан, “Бобурнома”да ҳам “Унсия” (“унсия” арабча сўз бўлиб, “улфат”, “чин дўст” деган маънони билдиради — Б.Р.) деб ном берилгани зикр этилади. Яъни бу қутлуғ даргоҳ дўстлар, ижод аҳли, устоз ва шогирдлар суҳбат қурадиган эзгулик, хайру эҳсон ҳамда илм-маърифат маскани ҳисобланган”.133 Бобур Мирзо «Бобурнома»да ҳам «Бу йигирма кунда машҳур сайргоҳлардин бир Султон Ҳусайн Мирзонинг хонақоҳидин ўзга ер кўрулмаган шояд қолмади экин. Гозургоҳ ва Алишербекнинг боғчаси ва жувози қоғоз ва Алишербекнинг ўлтурур уйлариким, «Унсия» дерлар, мақбара ва масжиди жомеъниким, «Қудсия» дерлар», дея Ҳиротда Алишер Навоий барпо эттирган масканларни бир-бир санаб, уларни зиёрат қилганини айтади. Ванг Женг Жонг таржимада асарнинг рус тилидаги ўгирмаларидан фойдаланган бўлса-да, ушбу жумлалар таржимасида аслиятга мурожаат қилган. Боиси рус таржимони М. Салье асарнинг йигирма биринчи боб, биринчи бўлинмасининг (параграф) охирида “Меҳмонлар кечга томон тарқалишди”, деб бошланган Навоий ва Биноий суҳбати берилган абзацдан то шу бўлинма тугагунча ёзилган етти абзацни умуман таржима қилмаган (романнинг асл нусхаси ва М.Салье таржима қилган рус тилидаги варианти 21-боби охирини солиштириш мумкин). Таржимон Хао Гуанг Жонг жумлани қуйидагича таржима қилган: 份晚时候,客人们散了。艾里谢尔让毕纳依留了下来。タ阳得西方天边一片火红,映展得“温斯耶”绚丽无比,宾主二人外數步。(Fèn wǎn shíhòu, kèrénmen sànle. Ài lǐ xiè ěr ràng bì nà yī liúle xià mǐ. Ta yáng dé xīfāng tiānbiān yīpiàn huǒhóng, yìng zhǎn dé “wēn sī yé” xuànlì wúbǐ, bīnzhǔ èr rén wài shù bù). (249-б) Кечга томон меҳмонлар кетдилар. Алишер Биноийни олиб қолди. Қуёш ғарбда қип-қизариб турарди. Бу пайтда “Унсия” ажойиб эди. Меҳмон ва мезбон икковлашиб сайр қилди. Таржимадан кўриниб турибдики, Хао Гуанг Жонг ҳам вақтни аниқ берган. Фақат “Унсия”ни ўз ҳолича, аслидагидек қолдирган. Унсияга изоҳ ҳам берилмаган. Бу китобхонда тушунмовчилик туғдириши мумкин. Мисолларни қуйидаги жадвалда ҳам солиштириш мумкин:
Асарда келтирилишича, Навоий яшаган даврда вақтни аниқ кўрсатиб турувчи соат бўлмаган. Романда Муҳаммад Мирак Наққошнинг Алишер Навоийнинг топшириғи билан илк марта аниқ вақтни кўрсатиб турувчи соат ясагани ҳақида маълумот берилган: “Соат бешни урди. Муҳаммад Мирак Наққош ясаган соат Мирхонднинг хонасига яқин, махсус жойга қўйилган эди. Соат кўринишида катта қути бўлиб, унинг ичидаги шакл қўлларидаги таёқчаси билан ноғорани уриб, вақтни мунтазам кўрсатиб турарди”. Айни шу соат яратилгунига қадар одамлар вақтни табиат ҳолатига – қуёш, ой, юлдузлар ҳаракатига қараб белгилаганлар... Романда ҳам вақт табиат ҳолатига қараб белгиланган. Мисолларга эътибор қаратинг: “Қуёш чиқаркан, уруш тартиботини олган катта қўшиннинг турли қисмлари кенг далани қоплаб, душман билан учрашгали аста силжимоқда эди. Дубулғалар, совутлар, найза-қалқонлар, ойболталар қуёш билан олтинланган ҳавода порлайди”. (71-бет). “Эртаси қуёш ёйилганда, эшикка чиқиши билан, жуссаси кичикроқ бўлса ҳам, семиз, ювош, йўрға жийрон отни хизматкор тутди”. (38-бет). Ҳусайн Бойқаро “қиём паллада боши шишиб ўрнидан турди”. (19-бет). “Мажиддиддин Ҳирот боёнларини хуфтондан кейин иззат-икром билан” (285-бет) кузатиб қўяди. “Шом қорасида Мажидиддин хизматдан уйга қайтди”. (43-бет) “Жума намозидан сўнг шоир аста, улуғвор юриб, минбарга чиқди”. (81-бет) “Навоий умрининг кўзга ташланадиган айрим даврлари ҳақидагина эмас, ҳатто йиллари ҳақида ҳам ажойиб фикрлар сўзлар эди. Айниқса, йигитлик ва қарилик ҳақида сўзлашни севар, умрининг баҳори ва кузи тўғрисидаги ҳикоялари шундай жонли, ёрқин, нодир фикрлар, кўришлар, суратлар билан тўла бўлур эдики, тингловчилар “кети узилмаса экан”, деб ҳаяжонланиб қулоқ солардилар”. 274-бет. 太阳出来时,按战阵部署的大军各部分覆盖了广阔原野,缓慢移动去迎敌。盔甲,盾矛和月牙斧在被太阳染成金色的空中闪炼。(Tàiyáng chūlái shí, àn zhàn zhèn bùshǔ de dàjūn gè bùfèn fùgàile guǎngkuò yuányě, huǎnmàn yídòng qù yíng dí. Kuījiǎ, dùn máo hé yuèyá fǔ zài bèi tàiyáng rǎn chéng jīnsè de kōngzhōng shǎn liàn). Қуёш чиққач, жанговар таркибга биноан жойлаштирилган қўшиннинг барча қисмлари кенг майдонни қоплаб, душман билан учрашиш учун секин ҳаракатга тушди. Зирҳлар, қалқонлар, узун найзалар ва ойболталар самода тилларанг тусга кирди, қуёш нури остида оқ рангга бўялган кўринарди. 第二天,太阳升起时,刚一出门就有一个仆人率来一匹个头不大却很肥壮驯顺的枣红色走马. (Dì èr tiān, tàiyáng shēng qǐ shí, gāng yī chūmén jiù yǒu yīgè púrén lǜ lái yī pǐ gètóu bù dà què hěn féizhuàng xùnshùn de zǎo hóngsè zǒumǎ) Эртаси куни, қуёш чиққач, у уйдан чиқиши билан хизматкор кичкина, лекин жуда семиз, итоаткор қизил отни бошлаб борди. 黄昏时分麦吉迪丁办完公务回家,内院里像往常一样,十六岁的女仆波斯坦顺腆地欠身行礼迎接他。(Huánghūn shífēn mài jí dí dīng bàn wán gōngwù huí jiā, nèi yuàn lǐ xiàng wǎngcháng yīyàng, shíliù suì de nǚpū bō sītǎn shùn tiǎn de qiànshēn háng lǐ yíngjiē tā). Кеч тушганда Мажедидин ўзининг расмий ишларидан уйига қайтди, ички ҳовлида, одатдагидек, ўн олти ёшли хизматчи Бўситан уни хушмуомалалик билан кутиб олди. 诗人缓步庄重地走上讲台,人们增噌地全站了起来,鸦雀无声,所有的目光都激动地注视一点。(Shīrén huǎn bù zhuāngzhòng dì zǒu shàng jiǎngtái, rénmen zēng cēng de quán zhànle qǐlái, yāquèwúshēng, suǒyǒu de mùguāng dōu jīdòng dì zhùshì yīdiǎn). Шоир шошилмай ва тантанали равишда шоҳсупага кўтарилди ва ҳамма жимгина ўрнидан турди, ҳамма ҳаяжонли кўзлари ила қараб турарди. Ушбу мисолларда ёзувчи вақтни турли йўллар билан белгилаб боради. Асарда Ҳусайн Бойқаро ва Мажиддидинлар образи ҳаракатини кўрсатаётганда вақтни оддийгина бериб қўяди. Унга табиат тасвири ёки маконнинг ҳолати чизгилари қўшилмайди. Навоий ёки Султонмуродлар билан боғлиқ ҳолатларда эса замон ва макон тасвири батафсилроқ, уларнинг ички ҳис-туйғулари билан ҳамоҳанг тарзда гўзал ифодаланади. Шу билан бирга, Ойбек романда вақтни асосан беш вақт – намоз вақтлари билан белгилаб боради. Вақтнинг намоз вақтлари билан белгиланиши Ислом олами вакилларининг, миллатнинг маданий ва диний ўлчовларидан келиб чиққан ҳолда берган. Ёзувчи романдаги вақтни шунчаки намоз вақтлари билан белгиламайди. Бу ерда шу беш вақт ичра инсон покланиб боради ва Навоий таъбири билан айтганда “Ягона ҳусни мутлақ”қа яқинлашаверади. Жадвалда мисоллар билан таништирамиз:
Вақт макон билан бир қаторда яшаб турган борлиғимизнинг асосий ҳаёт циклларидан бири бўлиб, у мавжудликнинг барча босқичларини, табиат ва инсоннинг ҳаёт цикли ўзгаришининг кетма-кетлигини белгилайди. Вақт билан ҳамоҳанг тарзда биз ўзимизни айни дамдаги ёки келажакда бўладиган маконда белгилаймиз. Вақтда маданий-миллий бўёқдорлик кучли бўлади. Ҳар бир тилнинг таркибий хусусиятлари ва тамойиллари атрофдаги оламни, бутун халқ маданияти ва моҳиятини қандай қабул қилишни олдиндан белгилаб беради. Таниқли америкалик лингвист, назариётчи олим Бенжамин Ли Уорф “турли тилларда сўзлашувчи турли миллат вакиллари вақтни, воқеа ва ҳодисаларни ҳар хил қабул қилади. Боиси, бу ҳодисалар ўз тилларида ҳар хил тарзда ифодаланади ва шаклланади”,134 дейди. Демак, монохроник ва полихроник маданият вакиллари вақтни турлича қабул қилади. Мусулмон дунёсида вақт асосан кунда беш маҳаллик намоз вақтларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Таржимон Хао Гуанг Жонг асар таржимасида ҳамма вақтни бир хил берган. Бомдод, пешин, шом, аср, хуфтон вақтларини 礼之后 Lǐ zhīhòu – маросим (намоз деб тушуниш мумкин – Г.Н) дан кейин деб берган. Мусулмон оламига хос бўлган вақт бирлигини тушунмаган ва оддийгина қилиб, эрталабки, кечки, тушки ва ҳк. маросимдан кейин деб берган. Иккинчи таржимон Ванг Женг Жонг эса ҳар бир намоз вақтини ўз ҳолича, аслиятдагидай қолдирган ва саҳифа охирида изоҳ берган. 胡夫丹礼后 (Húfūdān lǐ hòu )—хуфтондан кейин; 胡夫丹礼是一天五次礼拜祈诗的最后一次,日落后一两小时进行。 一译者 Húfūdān lǐ shì yītiān wǔ cì lǐbài qí shī de zuìhòu yīcì, rì luòhòu yī liǎng xiǎoshí jìnxíng. Yī yì zhě – Хуфудан кунига беш вақт намознинг охиргиси бўлиб, қуёш ботгандан 1-2 соат ўтгач ўқилади. Таржимон. 乃麻孜夏姆礼后 (nǎi má zī xià mǔ lǐ hòu) – намозшомдан кейин; 乃麻孜夏姆是一天五次礼拜析祷的第四次,时间大约在太阳落山时。 一译者(nǎi má zī xià mǔ shì yītiān wǔ cì lǐbài xī dǎo de dì sì cì, shíjiān dàyuē zài tàiyáng luòshān shí. Yī yì zhě) Наймазшам – кунига қуёш ботаётганда ўқилади. Тахминан, беш намознинг тўртинчиси. Таржимон. 乃麻孜祈祷时 (nǎi má zī qídǎo shí ) – намоз пайти (намозаср пайтини шундай таржима қилган – Г. Н.) 彼申乃麻孜之后 (bǐ shēn nǎi má zī zhīhòu) – пешин намозини ўқиб бўлгач... 乃麻孜为穆斯林每天五次敏拜和思念真主的礼仪,在清真寺集体举行,个人在家,在野外都坚持此礼。 彼申乃麻孜是中午的一次礼拜。 一译者 Наймаз – бу мусулмонлар учун кунига беш марта намоз ўқиш ва Аллоҳни соғиниш маросими бўлиб, у масжидларда жамоавий равишда, уйда ва табиат қўйнида ўқилади. Бишен наймази – пешин вақти ибодат қилиш маросимидир. Таржимон. Таржимон ҳар бир намоз вақтини ўз ҳолича қолдириб, романнинг миллий бўёқдорлигини сақлаб қола олган. Шундай қилиб таржимада вақт бирлигини ифодаловчи макон ва замон тушунчалари бир неча маънони англатиши билан бадиий-эстетик аҳамият касб этади. Download 282.99 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling