Назорат учун савол ва топшириқлар
Товуш билан ҳарф қаерда ўрганилади?
Алифбо нима?
Янги ўзбек ёзуви алифбосида нечта ҳарф бор?
Ц ҳарфини ифодалаш учун қандай графемалар кодлаштирилган?
Ўзбекистон ҳудудида энг кўп қайси ёзув истеъмолда бўлган?
Ўзбекистон аҳолиси нечанчи йиллардан бошлаб рус алифбосига амал қилган?
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш қарори қачон қабул қилинган?
12-мавзу. ОРФОГРАФИЯ
Режа:
Орфография – ёзув тизимининг иккинчи компоненти
Орфография тамойиллари
Таянч тушунчалар: орфограмма, имло қоидалари, орфография принциплари, фонетик принцип, фонетик ёзув, товуш тушиши, товуш орттирилиши, товуш алмашиши (ўзгариши), фонематик принцип, морфологик принцип, аналогия принципи, морфологик ёзув, график принцип, тарихий-анъанавий принцип, этимологик принцип, дифференсиация принципи (символик принцип), шаклий-анъанавий ёзув, семантик-услубий принцип.
1-§. Орфография – ёзув тизимининг иккинчи компоненти
Орфография (грек. orfo - «тўғри» + grapho - «ёзаман») ёзув системасининг иккинчи компоненти бўлиб, у тўғри ёзиш меъёрларини белгилайдиган қоидалар тизимидан таркиб топади. Орфография графикадан қуйидаги белгилари билан фарқланади: графика қоидалари графемаларнинг мазмун планини (референтини) кодлаштиришга, орфография қоидалари эса маълум принциплар асосида орфограммаларни танлашга асосланади. Чунончи, одам сўзида д нинг ёзилиши «д» графемасининг графикада кодлаштирилган фонемасига мос, шу сабабли бу сўзнинг ёзилиши графика томонидан бошқарилади. Савод сўзида эса бошқачароқ ҳолатга дуч келинади: сўз охиридаги «д» жарангсиз «т» га ўтади (савот тарзида талаффуз қилинади), демак, уни икки хил ёзиш мумкин: савод (фонематик принцип асосида) — савот (фонетик принцип асосида). Бу икки ҳолатдан бирини имло учун меъёр (орфограмма) қилиб танлаш орфография зиммасига тушади. Ҳозирги ўзбек орфографиясида савод деб ёзиш қоидалаштирилган. Бундан ташқари, орфографияда қўшма сўз компонентларининг қўшилиб ёки ажратилиб ёзилишини, сўз қисмларининг сатрдан сатрга кўчирилишини, бош ва кичик ҳарфларнинг қўлланишини белгилаб берадиган қоидалар ҳам борки, улар ёзувнинг графикага алоқадор бўлмаган жиҳатларини тартибга солиш ва бошқариш имконини беради. Бу бўлим адабий тилнинг ёзма шаклини, тўғри ёзув қоидаларини (имло қоидаларини) ўрганади.
Aдабий тилнинг оғзаки шаклида сўз танлаш, гап тузиш ва тўғри талаффуз меъёрларига амал қилиш қанчалик аҳамиятли бўлса, унинг ёзма шаклида орфография меъёрларига (имло қоидаларига) амал қилиш шунчалик муҳимдир. Бундай меъёрларга амал қилиш ёзма нутқ мазмунининг тўғри ва аниқ идрок қилинишига ёрдам беради, ёзма нутқда анархиянинг (бошбошдоқликнинг) авж олишига йўл қўймайди. Aдабий тилнинг, хусусан, ёзма нутқнинг ижтимоий-маданий ва маърифий ролини мустаҳкамлашда бунинг ўзига яраша аҳамияти бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |