ГЎЗАЛЛИК ФАЛСАФАСИ
Эстетика фани узоқ вақт шу ном билан таърифлаб келинган. Чунки эстетика сўзи кўпинча нарса ва ҳодисаларнинг ранг-туси ва шаклидаги мукаммаллик,мутаносиблик,латофат маънолари мажмуи сифатида ҳам қўлланилади. Мовий осмон,қуёш ботишидаги қирмизи шафақ манзараси, янги очилган гулнинг таровати, оҳу қоматининг ўта гўзаллиги,товус патларининг нозик жилваси,сарв дарахтининг адллиги,камалакнинг рангин товланиши ва бошқаларни бунга мисол тариқасида келтириш мумкин,чунки буларнинг ҳаммаси кишига завқ-шавқ бағишлайди. Мазкур тушунча кишиларнинг яхши феъл-атвори,муомаласи,нутқи,дид билан кийинишини ҳам англатади. Лекин “гўзаллик фалсафаси” тушунчаси эстетика фанини тўла ёрита олмайди. Чунки гўзаллик эстетиканинг энг умумий категорияларидан биридир.
НАФОСАТШУНОСЛИК
Нафосатнинг моҳиятини ўрганувчи фан бўлиб, ушбу сўзнинг синоними ўлароқ, эстетика тарзида ҳам ишлатилади. Шунингдек, нафосатшунослик фани “гўзаллик фалсафаси” деган ном остида ҳам маълум ва машҳурдир.
НАФОСАТШУНОСЛИКНИНГ ФАЛСАФИЙ МОҲИЯТИ
Нафосатшунослик - санъат ва бадиий ижод соҳасидаги умумий қонуниятлар ҳамда эстетик мезоний тушунчалар (категориялар) тизимини ўрганади.
НАФОСАТШУНОСЛИКНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Нафосатшунослик ўз объектига фалсафий ёндашади. У бу билан санъатшунослик фанларидан фарқлантириб турувчи ўзига хос хусусиятга эга.
Эстетиканинг борлиқни эстетик ўзлаштириш моҳияти ва қонуниятлари ҳақидаги фан сифатида бир қанча хусусиятлари бор.
Булар:
- Эстетика фани инсон теварак атрофидаги моддий ва маънавий бойликларнинг барчасини қамраб олади.
- Инсон фаолиятининг барча жабҳаларидаги нафосат оламини санъат турлари воситасида чуқур ўрганишга даъват этади. Санъат эса - эстетик бойликларни яратиш манбаидир.
- Санъатни илмий жиҳатдан таҳлил ва тадқиқ этиш билан эстетик фаолиятнинг барча кўринишларига илмий жиҳатдан ёндашиш учун замин яратилади.
- Санъат ва бадиий ижоднинг табиатини ва моҳиятини ўрганиш, қонуниятларини ўзлаштириш, гўзалликни ўрганиш учун калит вазифасини ўтайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |