Салливан Гарри Стэк (1892 – 1949); америкалик психоаналитик ва психиатр, интерперсональ психоанализнинг асосчиси. Унинг ҳаётлигида 1940 йили нашр қилинган бирдан бир китоби “Замонавий психиатрия концепциялари”, деб аталади.
Гарри Стэк Салливан одам ҳаёт фаолиятининг асосида лаззатланишни максималлаштириш ва бир вақтнинг ўзида химояланмаганлик кечинмасини минималлаштириш ётади, деб ҳисоблаган. Гарри Стэк Салливан тараққиётнинг қуйидаги босқичларини ажратган: 1) чақалоқлик, 2) болалик, 3) “ювениль эра” (ўсмирлик), 4) ўспиринлик олди ёши ва 5) ўспиринлик ёши. Чақалоқлик босқичида одамнинг мавжудлик шакли “Мен” билан ташқи олам ўртасидаги фарқнинг йўқлигида ифодаланадиган прототаксис ҳисобланади. Чақалоқликнинг охирида боланинг ўзини ташқи оламдан фарқлашида ифодаланадиган бошқа мавжудлик шакли – паратаксис шаклланади. Чақалоқлик босқичи нутқий хулққа қобилликнинг ривожланиши билан якунланади. Болалик босқичи – бу боланинг ўз маданиятининг асосий характеристикаларини англаши вақти. Бу босқичда болада сублимацияни ўрганиш содир бўлади. Гарри Стэк Салливаннинг фикрича болалик унда тенгдошларига эҳтиёжнинг пайдо бўлиши билан якунланади. “Ювениль эра” (ўсмирлик ёши) – шундай даврки, одам ўзини гуруҳ билан идентификация қилади, унда стереотиплар шаклланади, у бирдамлик ва рақобат муносабатларига киришади. “Ювениль эра” Гарри Стэк Салливан синтаксис деб атаган, ўсмирларда мавжудликнинг янги шакли ривожланиши билан якунланади, синтаксис ёрдамида ўсмир жамиятда фойдаланиладиган рамзлар ўртасидаги ўзаро мантиқий алоқаларни тўла англайди. Ўспиринлик олди ёши – бу шундай вақтки, одамда ўз жинсидаги тенгдошлари билан яқин муносабатлар ўрнатишга эҳтиёж пайдо бўлади. Бу даврда одам эгоцентризмдан муҳаббатга ўтишни амалга оширади. Гарри Стэк Салливаннинг фикрича, ўспиринлик олди ёши жинсий хоҳиш йўналиши шаклланиши билан якунланади. Ўспиринлик даври ёшида Гарри Стэк Салливан иккита фазани ажратади: 1) илк ва 2) кеч. Илк фаза гениталь драйвларни қондиришнинг барқарор паттернлари ўрнатилгунча давом этади, кеч фаза эса тўла шахслараро етукликкача давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |