Збекистон Республикаси
Download 1.14 Mb.
|
Жами Пленум қарорлари 25.12.2022 йил2 дил
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда.)
2.3. Судларнинг эътибори, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилсин. Бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади. 3. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради. Шунга кўра, агар ғазначилик бўлинмасида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиққан низони ҳал этишда, шартнома рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланса, судлар мазкур қарорнинг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллашлари лозим. 4. Агар қонун ҳужжатларида қурилиш пудрати шартномаси фақат электрон дўкон, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари натижалари асосида тузилиши назарда тутилган бўлиб, шартнома савдолар ўтказилмасдан тузилган бўлса, бундай битим ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. (Олий суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги 37-сонли қарори таҳририда.) Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, агар қонун ҳужжатларида қурилиш пудрати шартномасини тузишнинг мажбурий шарти сифатида танлов (тендер) савдолари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, бундай шартнома шартларини ўзгартириш юзасидан қўшимча келишув тузиш учун пудрат ташкилотини ғолиб деб топган танлов (тендер) комиссиясининг белгиланган тартибда кўриб чиқилган ва расмийлаштирилган баённомаси асос бўлади. Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, танлов (тендер) савдолари натижалари бўйича тузилган шартнома шартларини тарафларнинг келишуви билан ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Танлов (тендер) савдолари натижалари юзасидан тузилган шартномага тарафларнинг келишувига асосан киритилган ўзгартиришлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. 5. ФКнинг 108 ва 109-моддалари мазмунига кўра, қурилиш пудрати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва ушбу шаклга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бунда, агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкин. Шунга кўра, қурилиш ишларини бажариш билан боғлиқ низони ҳал этишда тарафлар қурилиш пудрати шартномасини оддий ёзма шаклда тузмаган ҳолда ҳуқуқий муносабатга киришганлиги аниқланса, судлар мазкур қарорнинг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллашлари лозим. 6. ФК 670-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрида буюртмачига хабар бериши шарт. 6.1. Агар техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш туфайли бажарилиши керак бўладиган қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошиб кетмаса ва қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса, пудратчининг қўшимча ишлар бажарилиши лозимлиги тўғрисидаги хабарини олган ва унга розилик берган буюртмачи ФК 671-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ мустақил равишда лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бундай ҳолатда пудратчининг хабарномаси ва буюртмачининг лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳаракатлари тарафларнинг қўшимча ишлар бажарилиши зарурлиги бўйича келишувини англатади ҳамда бу масала бўйича қўшимча келишув тузилиши мажбурий эмас. 6.2. Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи бундай ишларни бажаришга рози бўлса, лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш келишувга кўра амалга оширилади ва бу ҳақда тарафлар томонидан келишув расмийлаштирилади. 6.3. Агар пудратчи буюртмачидан ўн кун ичида (агар қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида бунинг учун бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса) қўшимча ишлар бажариш ва қурилиш смета қийматини ошириш зарурлиги тўғрисидаги ўз хабарига жавоб олмаган тақдирда, у тегишли ишларни тўхтатиши шарт. Мазкур ҳолда, агар буюртмачи қўшимча иш бажариш зарурати йўқлигини исботламаса, бекор туриб қолиш натижасида кўрилган зарар буюртмачининг зиммасига юкланади. Судлар эътиборга олишлари лозимки, агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошмаса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни талаб қилишга ҳақли. Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни ёхуд ФК 382-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда шартнома баҳосини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, қурилиш пудрати шартномаси тендер савдоси натижаси бўйича тузилган бўлса ва тендер комиссияси шартномага ўзгартишлар киритишни рад этса, пудратчи шартномадан воз кечиш ва буюртмачидан етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида буюртмачи томонидан тендер комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ҳам қўлланилади. 6.4. ФК 670-моддасининг олтинчи қисмига кўра, агар пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган аниқланган ишлар тўғрисида буюртмачини хабардор қилмаса ёки тегишли ишлар бажарилишини тўхтатмаса, у бажарган қўшимча ишлар учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Шунга кўра, агар суд томонидан низони ҳал этишда пудратчи томонидан ФК 670-моддасининг олтинчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилинмаганлиги аниқланса, пудратчининг бажарган қўшимча ишлар учун ҳақ тўлаш ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплаш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш рад этилади. Судлар эътиборга олишлари керакки, агар пудратчи буюртмачининг манфаатини кўзлаб, хусусан ишнинг тўхтатилиши қурилиш объектининг нобуд бўлишига ёки шикастланишига олиб келиши мумкин бўлганлиги муносабати билан дарҳол ҳаракатлар қилиш зарур бўлганлигини исботласа, пудратчининг бажарган қўшимча ишлар учун ҳақ тўлаш ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплаш ҳақидаги талаблари қаноатлантирилади. Бунда, буюртмачининг манфаатини кўзлаб дарҳол ҳаракатлар қилиш зарур бўлганлигини исботлаш мажбурияти пудратчи зиммасида бўлади. Судларнинг эътибори қаратилсинки, агар пудратчи буюртмачини қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлиги тўғрисида олдиндан огоҳлантирмаган, аммо буюртмачи пудратчи томонидан қўшимча бажарилган ишларни қабул қилган бўлса, бу ҳолат буюртмачининг бундай ишлар ҳақини тўлашга розилигини англатмайди. 6.5. Судлар инобатга олишлари керакки, ФК 671-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган пудратчининг лойиҳа-смета ҳужжатларидаги камчиликларни аниқлаш ва йўқотиш билан боғлиқ оқилона харажатларни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи лойиҳа-смета ҳужжатлари фақат буюртмачи томонидан ишлаб чиқилгандагина вужудга келади. 7. Фуқаролик қонун ҳужжатларига кўра, пудратчи томонидан шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда (ФК 642-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари, 650-моддасининг учинчи қисми) ёхуд бундай ҳолатдан қатъи назар (ФК 642-моддасининг тўртинчи қисми), буюртмачи шартномадан воз кечишга ҳақли. Буюртмачи шартномадан воз кечганда у бу ҳақда пудратчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Судларнинг эътибори ФК 636-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган буюртмачининг шартномадан воз кечиш ҳуқуқи қурилиш пудрати шартномаси ижро этилишида қўлланилмаслигига қаратилсин, чунки лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишлар ва бунинг натижасида қўшимча ишларни бажариш зарурияти аниқланганда, қурилиш пудрати шартномаси тарафларнинг ўзаро муносабатлари бундай муносабатларни тартибга солувчи махсус норма бўлган ФКнинг 670 ва 671-моддалари билан тартибга солинади. 7.1. ФК 642-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар пудратчи пудрат шартномасини бажаришга ўз вақтида киришмаса ёки ишни суст бажариши натижасида уни белгиланган муддатда тугатиш мумкин эмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи шартномадан воз кечиб, етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Судлар эътиборга олишлари керакки, буюртмачининг бундай асослар билан қурилиш пудрати шартномасидан воз кечишида, агар иш кечиктириб бажариладиган бўлса, буюртмачи шартномага нисбатан ўз қизиқишини йўқотганлигини исбот қилиши лозим. Агарда буюртмачи шартномага нисбатан ўз қизиқишини йўқотганлигини исботлаб беролмаса, етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги талабни қаноатлантириш рад этилади. 7.2. ФК 642-моддаси учинчи қисмининг мазмунига кўра, агар ишни бажариш вақтида унинг тегишли даражада бажарилмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи шартномадан воз кечиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳолатда буюртмачи пудратчига камчиликларни йўқотиш учун оқилона муддат белгиланганлиги ва пудратчи белгиланган муддатда камчиликларни бартараф этмаганлигини исботлаши лозим. ФК 650-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса ёхуд аниқланган камчиликлар буюртмачи томонидан белгиланган оқилона муддатда бартараф этилмаган бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Судларга тушунтирилсинки, агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса ва буюртмачи пудратчидан белгиланган оқилона муддатда уларни бартараф этишни талаб қилган бўлса, бироқ улар пудратчи томонидан бартараф этилмаган ҳоллардагина буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. 7.3. Буюртмачининг зарарни қоплаш тўғрисидаги талабини кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тарафнинг қилган харажатлари, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганда тараф олиши мумкин бўлган, лекин унинг ололмай қолган даромадлари, ҳуқуқи бузилган шахснинг ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари ҳам киради (ФК 14-моддасининг иккинчи қисми). Бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган ҳисоб-китоб ва далиллар (ишдаги камчиликларни бартараф этиш харажатлари сметаси ёки калькуляцияси, мажбуриятларни бузилганлиги учун жавобгарлик даражасини белгиловчи шартнома ва ҳ.к.) билан тасдиқланган бўлиши керак. Ололмай қолган даромаднинг миқдори (бой берилган фойда), агар мажбурият бажарилганида, буюртмачи қилиши лозим бўлган оқилона харажатларни ҳисобга олиб аниқланиши лозим. 7.4. ФК 642-моддаси тўртинчи қисмининг мазмунига кўра, буюртмачи иш натижаси ўзига топширилгунга қадар истаган вақтда шартномадан воз кечиши мумкин. Судларнинг эътибори, буюртмачи бундай ҳуқуқдан, пудрат шартномасида бу тақиқланмаган бўлсагина, фойдаланиши мумкинлигига қаратилсин. Буюртмачи ушбу ҳуқуқдан фойдаланганида, у пудратчига шартномадан воз кечганлиги тўғрисидаги огоҳлантириш олингунга қадар бажарилган иш ҳақини тўлаши ҳамда пудратчига шартноманинг бекор қилиниши туфайли етказилган зарарни қоплаши шарт. Бунда, зарар миқдори пудратчи томонидан шартномани бажарилишига тайёрланишида қилинган харажатлар ҳамда шартнома бекор қилинмаганида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари суммасидан келиб чиқиб аниқланади. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам, пудратчининг зарари бажарилган ишнинг баҳоси билан ҳамма иш учун белгиланган баҳо ўртасидаги фарқ доирасида қопланади. 8. ФКда пудратчининг ҳам пудрат шартномасидан бош тортиш ҳуқуқи назарда тутилган. Бунда, буюртмачидан фарқли равишда пудратчи ҳеч бир асоссиз шартномадан бош тортишга ҳақли бўлмай, у фақат қурилиш пудрати шартномаси шартларининг буюртмачи томонидан бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги ҳолатларидагина бунга ҳақлидир (ФК 644-моддасининг иккинчи қисми ва 672-моддасининг учинчи қисми). Судларнинг эътибори пудратчининг ФК 643-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган шартномадан воз кечиш ҳуқуқи қурилиш пудрати шартномасини бажарилишида қўлланилмаслигига қаратилсин, чунки буюртмачи томонидан етказиб берилган материаллар (деталлар, конструкциялар) ёки ускуналарнинг яроқсизлиги аниқланганлиги сабабли вужудга келган ўзаро муносабатларни тартибга солувчи қоидалар махсус норма ҳисобланадиган ФКнинг 672-моддасида назарда тутилган. 8.1. ФКнинг 256 ва 644-моддаларига кўра, агар буюртмачи пудрат шартномаси бўйича ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармаса (пудрат объекти, материаллар ва (ёки) техник ҳужжатларни бермаганлиги ёхуд ушбу мажбуриятларнинг белгиланган муддатда бажарилмаслигини яққол кўрсатиб турганлиги) ёки шартномани бажаришига тўсқинлик қилса, пудратчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Судларга тушунтирилсинки, пудратчи мазкур ҳуқуқдан фақат пудрат шартномасида бу тақиқланмаган бўлсагина, фойдаланиши мумкин. Судлар инобатга олишлари керакки, пудратчининг зарарни қоплаш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришда зарар миқдори пудратчи томонидан шартномани бажарилишига тайёрланишида қилинган харажатлар ҳамда шартнома бекор қилинмаганида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари суммасидан келиб чиқиб аниқланади. 8.2. ФКнинг 672-моддасида ҳам, агар қурилишни материаллар (деталлар, конструкциялар) билан таъминлаш мажбуриятини буюртмачи зиммасига олган ва у топширган материаллардан, ускуналардан бажарилаётган ишлар сифатини ёмонлаштирмаган ҳолда фойдаланиб бўлмаса, пудратчи қурилиш пудрати шартномасидан воз кечиш ва буюртмачидан ишнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда шартнома нархини тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги назарда тутилган. Пудратчининг кўрсатилган асос бўйича шартномадан воз кечиши билан боғлиқ низоларни кўришда, судлар пудратчининг буюртмачига у томонидан тақдим этилган материал ва ускуналарни алмаштириш бўйича талаб билдирилган-билдирилмаганлигини аниқлашлари лозим. Судлар эътиборга олишлари керакки, бундай асос билан шартномадан воз кечганда пудратчи буюртмачидан фақат ишнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда шартнома нархини тўлашни талаб қилишга ҳақли. 9. ФКнинг 646 ва 680-моддаларига кўра, буюртмачи бажарилган ишни (унинг натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши шарт бўлиб, бу ҳақда иккала тараф томонидан имзоланадиган далолатнома расмийлаштирилади. Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида ушбу далолатномага ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди. Суд далолатномани имзолашдан бош тортиш сабабларини асосли деб топсагина, ишлар натижасини топшириш ёки қабул қилишнинг бир тарафлама далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Далолатномани имзолашдан бош тортиш асосли ҳисобланади, агар бош тортишга қуйидагилар сабаб бўлган бўлса: - бажарилган ишдан қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилган мақсадда фойдаланиш имкониятини бермайдиган камчиликлар борлиги буюртмачи томонидан аниқланган ва уларни пудратчи, буюртмачи ёки учинчи шахс бартараф этиши мумкин бўлмаган тақдирда; - қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ёки шартнома юзасидан бажариладиган ишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолларда пудратчи дастлабки синовдан бош тортган тақдирда. Судлар шуни эътиборга олиши керакки, бир томонлама топшириш ёки ишлар натижасини қабул қилиш далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинмайди, фақат ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида бу ҳақда кўрсатилади. Шунга кўра, пудрат шартномасининг тарафларидан бири судга бир томонлама далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилса, бундай даъво аризасини қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади. Download 1.14 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling