Олтинчи ўйин: “Сеҳрли сўз”
Ўйиннинг мақсади: ўзини-ўзи бошқариш ва диққатнинг тақсимланишини ривожлантириш.
Ўйиннинг бориши: 1-варинат. Болалар ва бошловчи доира шаклида туриб олишади. Бошловчи изоҳ беради. У ҳар хил ҳаракатларни кўрсатиши ва болалар унинг ҳаракатларини қайтаришлари керак. Шарт шуки, бундан олдин бошловчи сеҳрли сўз - “Марҳамат” сўзини айтиши лозим. Бу сўзни айтмаса, болалар ҳаракатни қайтармайдилар.
Эслатма: Сеҳрли сўзни бошловчи тўсатдан ёки бир неча ҳаракатдан сўнг айтиши керак.
2 - вариант:
Ўйин тартиби худди биринчи вариантга ўхшаш, фақат кимдир адашса, ўртоғи чиқиб ашула, шеър ёки ўйнаб бериш шарти билан.
Эслатма: Агар ўйин шартларига кимдир қўшилмаса, уни мажбурлаш керак эмас. Ўйинни давом эттиравериш лозим. Шу тарзда болалар секин-аста ўзларига ишонч ҳосил қилиб, эркин ҳаракатда бўлишади. Ўйин қоидаларига амал қилмаслик ўз-ўзидан секин-секин йўқолиб боради.
Еттинчи ўйин: “Ўйинчоқни аниқлаш”
Ўйиннинг мақсади: Тафаккур, идрок ва зийракликни ривожлантириш.
Ўйиннинг бориши: Бошловчи танланади ва у 2-3 дақиқага хонадан чиқиб туради. Унинг йўқлигида болалардан бири топишмоқ ўйлаб топади. Ўша бола хатти-ҳаракат ва мимикалари билан гап қандай ўйинчоқ ҳақида бораётганини кўрсатиши керак. Масалан: «қуёнча» хусусидаги топишмоқда - бола сакрайди, «сабзи ейди» ва ҳ.к.
Бошловчи ўйинчоқ номини топиши ва қўғирчоқни қўлига олиб унинг номини баланд овозда айтиши керак, қолган болалар эса, жўр бўлиб (биргаликда) «тўғри» ёки «нотўғри» дейдилар. Агар жавоб тўғри бўлса, қайтадан топишмоқ ўйлаб топувчи ва мазкур топишмоқни топувчи болалар танланади. Жавоб нотўғри бўлса, бошловчи ўзгармайди, топишмоқни ўйлаб топиш эса бошқа болага ҳавола этилади ва ўйин шу тариқа тўғри жавоб топилмагунча давом этади.
Саккизинчи ўйин: “Жумла туз”
Ўйиннинг мақсади: Тафаккур ва фантазияни ривожлантириш.
Ўйиннинг бориши: Ўқитувчи гуруҳдаги болаларга болалар лотосидаги бирон бир предмет тасвири туширилган иккита расмни таклиф этади. Гуруҳдаги болалар ярим айлана бўлиб ўтиришади ва ҳар бир бола навбатма-навбат ўзлари ўйлаган икки предмет номларидан иборат бўлган сўзни ўйлаб топишади. Ўйинни олиб борувчи яна бошқа икки предметни кўрсатади ва болалар яна айлана бўлиб ўтиришиб шу предметга оид янги гапларни тузишади.
Ўйинга изоҳлар:
Болалардаги ўзига хос турфа хил жумлаларни тузишга бўлган интилишларни рағбатлантиринг.
Агар болаларнинг берилган икки сўздан жумла тузишлари осон кечаётган бўлса, кейинги гал жумла тузиш учун учта сўз таклиф қилинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |