7. Қиёслаш функцияси. Педагогик назоратда бошланғич, оралиқ ва якуний назорат натижаларини ўзаро қиёсий ўрганиш, таҳлил қилиш аҳамиятли ҳисобланади. Айниқса, бошланғич ва якуний назорат натижаларини ўзаро қиёсий ўрганиш ўқитувчи фаолияти самарадорлигини белгилашга ёрдам беради. Зеро, бошланғич назоратда қўлга киритилган маълумотлар асосида педагогик фаолиятнинг зарур йўналишларини белгилаш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш ҳамда ижобий омиллар таъсири кучайтиришга ҳаракатилган амалий ҳаракатнинг самараси якуний назорат натижаларида ўз аксини топади.
8. Башоратлаш функцияси. Нафақат педагогик назоратда, балки яхлит таълим жараёни ва тизимида ҳам башоратлаш ўзига хос ўрин тутади. Мавжуд вазият, уни тавсифловчи кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда ўқитиш ҳамда тарбия жараёнида истиқболни белгилаш ўқувчиларга сифатли таълим бериш, уларни ҳар томонлама етук шахс сифатида тарбиялашдан иборат педагогик вазифанинг тўлақонли бажарилишини таъминлайди.
IV. Педагогик назорат тамойиллари. Бошқарув жараёнининг йўналтирувчанлик ва тартибга солиш роли ўқитувчиларнинг педагогик жараённи назорат қилиш ва баҳолашга қаратилган фаолиятига раҳбарлик қилувчи тамойилларни белгилаб беради. Педагогик назорат қуйидаги устувор тамойилларга мувофиқ ташкил қилинади (17-расм):
1. Илмийлик ва самарадорлик тамойили. Педагогик назорат илмий асосга эга ғоялар (тамойиллар, методлар, воситалар, технологиялар) ёрдамида ташкил этилсагина унинг самарадорлигини тасдиқловчи натижалар ҳаққоний саналади. Замонавий шароитда таълим жараёнида назорат ишларини ташкил этишнинг концептуал (концепция, раҳбарий ғояларнинг мавжудлиги) асослари (етакчи ғоялари, тамойиллари, механизми, мазмуни, методикаси, технологияси ва мезонлари) ишлаб чиқилган. Ўқувчиларнинг билим, кўникма, малакалари даражасини ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш ҳам ўзининг сифат мезонларига эга.
Педагогик назоратни ташкил этишда илмийлик ташхислаш ёки тадқиқот маълумотларининг ишончлилик мезонига кўра тасдиқланган тўғрилиги, асосланганлиги, шунингдек, ҳаққонийлик мезони бўйича таҳлил қилинган белгиланган ўлчов бирликларига мослиги инобатга олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |