Adabiyotshunoslik kafedrasi
Download 1.4 Mb.
|
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Йима (Жамшид)
Ардвисура (Анахита) – ер, сув ва унум маъбудаси. У ҳаёт ва инсоннинг нафосатини, кўркини ифодаловчи, қаҳрамонларга куч-қувват ва муваффақият бахш этувчи бир куч сифатида тасвирланади.
Каюмарс – Гайа Мартан ер юзида пайдо бўлган биринчи одам. У Ахура Мазда (Хурмуз) томонидан яратилган ва ички вужуддан: хўкиз ва одамдан ташкил топган экан. Инсониятнинг ашаддий душмани бўлган Ахриман Каюмарсни ўлдиради. Каюмарс жасадининг ҳўкиз қисмидан 55 хил дон, 12 хил ўсимлик, сигир ва ҳўкиз, улардан эса 272 хил фойдали ҳайвонлар пайдо бўлади: одам қисмидан инсоннинг эркак ва аёл жинси ҳамда металл вужудга келди. Шундай қилиб Каюмарс биринчи инсон ва инсоният ҳаётининг ибтидоси сифатида тасвирланади. Йима (Жамшид) – Каюмарс каби нажаткор қаҳрамон сифатида тасвирланади. “Авесто”да баён этилишича, у адолатли ҳукмрон бўлиб, унинг даврида қаҳратон совуқ ва жазирама иссиқ ҳам, қариш ва ўлим ҳам бўлмаган экан. Жамшид ер юзини 3 баравар кенгайтирди, чорвани ва турли хил қушларни ниҳоятда кўпайтирди. Гершасп – бир қатор афсоналарда ўлимни енгувчи баҳодир сифатида тасвирланади. Ёзувчи Асади Тусий (Х1 аср), шу афсоналардан фойдаланиб ўзининг “Гершаспнома” асарини яратди. Гершасп ҳақидаги афсонада шундай воқеа баён этилади: “Бир аждар кишиларга кўп бахтсизликлар келтиради. Қабиланинг ҳаёти ҳавф остида қолади. Қаҳрамон Гершасп аждарга қарши жангга отланади, аждарнинг масканига қараб йўл олади. Гершасп туш чоғига қадар аждарни қидиради, бироқ уни тополмайди. У ўт қалаб овқат пиширмоқчи бўлади. Аждар шунчалик катта эканки, Гершасп анча вақт ухлаб ётган аждарнинг устида айланиб юрса ҳам, уни пайқамаган экан ва ўз ўчоғини унинг устига қурган экан. Ўт аждарнинг баданини қиздирибди, аждар вазмин қимирлай бошлабди. Шундан кейингина Гершасп аждар устида кезиб юрганини пайқаб олибди. Лекин Гершасп ваҳимага тушмай, улкан ва даҳшатли маҳлуққа қарши жанг бошлайди. Қуролларини моҳирлик билан ишлатиб, аждарни енгиб, кишиларни ҳалокатдан қутқарибди”. 1902 йилда Қашқадарёда қадимги оғзаки адабиётнинг “Чистони Эликбек” деган муҳим бир ёдгорлик тексти топилди. Тахминан VIII-IX асрларга мансуб бўлган бу асарда ёмонлик кучларига қарши мардона курашиб, кишиларни ўлимдан қутқарган Гершасп сингари халқ баҳодири Эликбек образи яратилган. Хоразм мифологик афсонасида Хубби сув худоси ва кишиларни ҳалокатдан қутқарувчи қаҳрамон сифатида гавдаланади. Фарғона водийсида ҳам Хоразм мифологик қаҳрамони Хубби образи яратилиб кўп афсоналар ҳикоя қилинади. Қадимги Ўрта Осиё яратган оғзаки адабиёт ёдгорликлари орасида қаҳрамонлик эпоси муҳим ўрин тутади. Қаҳрамонлик эпосини кўп асарлари конкрет тарихий воқеалар, Ўрта Осиё аҳолисининг чет эл босқинчиларига қарши ватанпарварлик кураши заминида туғилган Тўмарис, Широқ, Зарина, Рустам, Сиёвуш кабилар оташин ватанпарвар ва фидокор баҳодирларнинг монументал образларидир. “Тўмарис” эпоси Ўрта Осиё аҳолисининг чет эл босқинчиларига қарши олиб борган мардона курашининг бадиий ифодасидир. Эрамиздан аввалги VI асрда бир неча мамлакатларни истило қилган аҳманийлар шоҳи Кир (Кировуш ёки Кируш деб ҳам юритилган) Ўрта Осиёга бостириб кирган. Ўрта Осиё аҳолиси, айниқса Тўмарис бошчилигидаги массагет қабилалари Кирга қарши мардона кураш олиб борадилар. Кир қўшини енгилади ва унинг ўзи 529 йилда жанг майдонида ўлдирилади. Шу воқеалар Тўмарис тарихий-қаҳрамонлик эпосининг мазмунини ташкил этади. Афсуски, бу эпоснинг асли бизгача етиб келмаган, унинг мазмуни грек тарихчиси Герадотнинг (484-425) “Тарих” китобида ҳикоя қилиб қолдирилган. Тўмарис массагет қабилаларининг бошлиғи. Унинг ўғли Спарганис Кир ҳийласи билан ўзини-ўзи ўлдиради. Тўмарис Кирни енгади ва қон тўлдирилган мешга олинган бошини солади. Герадот Ктезий ва бошқа тарихчилар Ўрта Осиё қабилаларида, жумладан, массагетларда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида хотин-қизлар катта ўрин тутганини сўзлайдилар. Шунингдек, Хитой сайёҳи Чжек Цянь (эрамиздан аввалги II аср) Довон (Фарғона)даги хотин-қизларнинг мавқеи ҳақида сўзлаб, “Эркаклар бирор қарор қабул қилар эканлар, улар ўз хотинларининг маслаҳатига қулоқ солар эдилар”, - дейди. “Широқ” эпоси ва “Тўмарис” каби Ўрта Осиё аҳолисининг чет эл босқинчиларига қарши қаҳрамонона кураши воқеалари заминида вужудга келди. Ватанпарвар массагетлар Кир қўшинини тор-мор этган бўлсалар-да, аҳманий шоҳлари бундан сабоқ олмадилар. Улар эл-юртни талашни, Ўрта Осиёга бостириб киришни давом эттирдилар. Доро (521-485) шундай босқинчи, шафқатсиз шоҳлардан бири эди. Шак қабилалари Дорога қарши 513 йилда катта қўзғалон кўтарадилар. Шу воқеа “Широқ” эпосига асос бўлган бўлса керак. “Тўмарис” каби “Широқ”нинг ҳам асли сақланмаган. Унинг қисқача мазмуни Полиэн(Эрамиздан аввалги II аср)нинг “Ҳарбий ҳийлалар” китобида ҳикоя қилинади. “Шак қабиласининг тинчлиги ва мустақиллигини барбод этиб Доро бостириб келмоқда. Шак ҳукмронлари (Омарг, Самсофер, Оамирас) душманга қарши кураш режасини тузатаётганларида чўпон Широқ пайдо бўлади. У душманни ҳийла билан енгиш режасини айтади. Гўё шакларнинг ғазабига учраб, бадани дабдала қилинган ва қабиладошларидан қасос олмоқчи бўлган Широқ Доро қўшинини “кўчиб кетган” шакларнинг йўлини 7 кун деганда “кесиб олиб чиқувчи йўлга” бошлайди. Широқ душманни бепоён чўл-биёбонга алдаб олиб боради. Душман очлик ва сувсизликдан ҳалок бўлиши муқаррар. Еттинчи кун ҳам шаклардан дарак тополмаган Доро қўшини бошлиғи Раносбат Широқнинг калласини чопиб ташлайди. Широқ ўлимини шодлик, қаҳқаҳа билан кутиб олади”. Доро баланд қояга чиқиб Апполон(қуёш худоси)дан ёмғир сўрайди. Ёмғир ёғиб қолган-қутган аскарлар мешларни сувга тўлдириб, сувсизликдан зўрға омон қоладилар. “Зарина ва Стриангия” қиссасининг мазмунини сицилиялик тарихчи Диодор (эрамиздан аввалги I аср)нинг “Кутубхона” асарида тарихчи Ктезий (430-354) китобидаги баён асосида ҳикоя қилиб қолдирган. “Зарина ва Стриангия” қаҳрамонлик ва севги қиссасидир. Қиссанинг бош қаҳрамони Зарина образи тарихий илдизга эга бўлиб, у шак ҳукмронларидан бири бўлган. Қиссада Зарина заковатли, тадбиркор аёл, халққа ғамхўр ҳукмрон, уста лашкарбоши, қаҳрамон ва шу билан бирга, номусли, одобли аёл сифатида тасвирланади. Стриангия ҳам мардлиги ва ботирлиги билан машҳур. Лекин у иродаси бўш. Грек тарихчилари шак хотин-қизларининг жангга кириб, от чопиш, ўқ-ёй отишда эркинлардан қолишмасликларини қайд этадилар. Ктезий маълумотига кўра Зарина вафотидан кейин шаклар унга перамида шаклида мақбара қурдириб, олтин ҳайкал ўрнатишганини таъкидлайди. “Зариадр ва Одатида” қиссасида севги ва қаҳрамонлик мотивлари асос бўлган. Бу қиссанинг мазмуни тарихчи Хорас Митиленский (эрамиздан аввалги IV аср) асари орқали етиб келган. Гуштасб (Гистаси) Мидияда, унинг укаси Зариадр каспий денгизидан Танаис (Сирдарё)гача чўзилган ўлкада ҳукмронлик қилади. Танаиснинг нариги томонида яшаган скиф шоҳи Омаргнинг қизи Одатида билан Зариадр бир-бирларини тушда кўриб севиб қоладилар. Омарг эса қизини бегона юртга беришни хоҳламайди. Зариадр бир аравакаш ёрдамида Одатида юртига келади. Омарг саройида зиёфат уюштириб қизига ўтирган йигитларнинг қайси бирини ёқтирсанг олтин қадаҳда май тут дейди. Зариадр ҳам зиёфатда бор эди. Одатида унга май тутади. Зариадр Одатидани олиб ўз юртига жўнайди. “Рустам” қаҳрамонлик эпосининг монументал образларидир. У дастлаб оғзаки, кейинчалик эса ёзма адабиётда қайта-қайта ишланган. Рустам образи Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон ҳамда бошқа ўлкаларда кенг шуҳрат қозониб, халқнинг энг севимли қаҳрамонига айланган. Рустам ҳақидаги дастлабки асарлар суғдларда пайдо бўлган, тахминан VI-VII асрларда суғдлар яратган “Рустам” эпосининг парчалари бизга қадар ҳам сақланиб қолган. Рустам мислсиз қаҳрамон, нажоткор. У девларга қарши курашади ва енгилмас қаҳрамонга айланади. Фирдавсий “Шоҳнома”сида Рустамни бош қаҳрамон сифатида танлаб олди. Рустам образи ўзбек халқи орасида кенг шуҳрат қозонди. “Рустами достон” халқнинг севимли китобига айланди. “Сиёвуш” дастлаб мифологик Худо образи сифатида яратилди. “Авесто”да (бунда у “Сиёваршан” деб аталган) мифологик Худо сифатида тасвирланган. Бу тасвирнинг излари қадимги форс-тожик тилидаги адабиётда, “Шоҳнома”да ва Беруний асарларида ном сақланиб қолган. Х аср тарихчиси Норшахий “Бухоро тарихи” асарида Сиёвуш ҳақидаги халқ оғзаки ижоди намуналарини келтиради: “Сиёвуш” афсонавий Эрон шоҳларидан бўлган Каёний шоҳлардан Кайковуснинг ўғли экан. Сиёвуш ўз хусн-жамоли билан ўгай онаси Судобани асир қилади. Унинг таклифини рад этиб, туҳматга қолади. Ўзининг поклигини исботлаш учун олов устида оти билан сакраб ўтади. У Туронга қарши жангларда қаҳрамонлик кўрсатади. Сўнг Афросиёб ҳузурига келиб унинг қизига уйланади. Лекин амалдорлар улар ўртасига рахна солади. Афросиёб томонидан Сиёвуш ўлдирилади. Сиёвушни ўғли Кайхусрав бобоси Афросиёбдан қасос олиб уни ўлдиради. Кайхусрав Хоразмий шоҳлар сулоласига асос солади. Download 1.4 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling