Биринчи боб. Урбоэкологик вазият ва уни ўрганишнинг илмий-назарий асослари


Download 213.44 Kb.
bet4/19
Sana28.12.2022
Hajmi213.44 Kb.
#1015697
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
1.1.3-расм

Манба: Владимир Глазычев «Урбанистика»: Европа; Москва; 2008 Часть 1

Кўриниб турибдики шаҳар мураккаб ва кўп функцияли ўрганиш объекти бўлиб, уни у ёки бу фан нуқтаи назаридан таҳлил қилиш ва баҳолаш бир неча қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам шаҳар ҳудудини тадқиқ қилиш ҳақида ягона концепция йўқ. Вақт ўтиши билан шаҳарнинг муаммолари, уларнинг турлари ва кўлами тобора ортиб борди. Айниқса, бугунги кунга келиб экологик муаммолар энг асосий эътибор қаратилиши лозим бўлган ўзига хос “фон” сифатида ўзини намоён қилиб келмоқда. Энг қизиғи шуки, ушбу экологик муаммолар шаҳарлар пайдо бўлиши билан бирга пайдо бўлиб ривожланиб келмоқда. В.С.Вишаренко (1988) шаҳарлар ретроспектив ривожланишида улар экологик ҳолатини еттита босқичга ажратган. Аммо ушбу босқичлар Европа ва Яқин Шарқ учун хос бўлиб, баъзи экологик хусусиятлар бошқа ҳудудлар учун мос келмаслиги мумкин10.
Шаҳарлар пайдо бўлгандан бошлаб экологик мувозанатсизлик мавжуд бўлган ва бу вақтлар ўтиб кенг кўламли тус ола бошлади. Дастлабки босқичларда асосан қаттиқ чиқиндилар ва яхшиланган сув таъминоти билан боғлиқ экологик муаммоларга асосий эътибор қаратилган бўлса, вақт ўтиб улар қаторига саноат чиқиндилари ва транспорт воситаларидан ажралаётган газлар ҳисобига ифлосланиш ҳам қўшилди. Мавжуд экологик талаб ва қоидаларга амал қилмаслик, аҳолида экологик саводхонликнинг етишмаслиги оқибатида ер юзидаги кўплаб йирик шаҳарларда эпидемик вазият издан чиқиб юқумли касалликлар тарқалиш ўчоғига айланишига олиб келди ва атроф-муҳитнинг кучли ифлосланиши оқибатида шаҳар аҳолиси саломатлигида жиддий муаммолар ва ҳаттоки ўлим кўрсаткичлари кузатилган. Марказий Осиё давлатлари, жумладан, республикамизнинг баъзи шаҳарларида ичимлик суви сифати талаб даражасида эмаслиги ҳудудда ўзига хос эндемик касалликлар пайдо қилади.
Америкалик олим Л.Мамфорд (1982) экологик нуқтаи назардан шаҳарлар тарихини уч босқичга бўлади: 1-шаҳар ва атроф-муҳит ўртасидаги симбиотик муносабатлар босқичи; 2-урбанизация босқичи; 3-ўсиш ва экологик вазиятнинг номутаносиблиги босқичи. Ушбу босқичлар нафақат океанортидаги шаҳарлари учун хос, балки ҳозирги кунда ривожланаётган мамлакатлар шаҳарлари учун ҳам хосдир. Бироз фарқли жиҳати ривожланаётган мамлакатлар шаҳарлари иккинчи босқични бошдан кечирмоқда.
Қадим ўтмишда кичик ҳудудни эгаллаган шаҳарлар инсон эҳтиёжлари ортиши билан яқин атрофидаги ҳудудларни ўзига торта бошлаши натижасида ҳозирги мураккаб кўринишдаги шаҳар агломерациялари ва юқори даражадаги урбанизацион ҳудудлар пайдо бўла бошлади. Бундай мураккаб тизимларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши натижасида табиий ландшафтлар эгаллаган майдонлар ўрнига техноген ва антропоген юкнинг ортиши нафақат шаҳарлар ҳудудини балки унинг атрофидаги ландшафтлар структурасига жиддий таъсир кўрсатди. Бир сўз билан айтганда, урбанизациянинг таъсири шаҳардан ташқарига ҳам чиқди.
Адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, республикамизда шаҳарлар экологиясини ўрганишда шаҳарнинг айни бир жиҳати, масалан, иқлим, тупроқ, ички сувлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, у ерда яшовчи аҳоли саломатлиги, атмосфера ҳавоси ва унинг ифлосланиши кабилар таҳлил қилинган лекин шаҳар муҳитини ҳар томонлама мукаммал ўрганиш ва таҳлил қилиш методологиясининг ҳалигача мавжуд эмаслиги у ердаги ижтимоий-экологик ҳолатни тўлалигича очиб беришни қийинлаштиради. Шаҳар тизимини яхлит географик ўрганиш хорижда анча ривожланганлигини Яницский, Петров11, Р.Парк, В.С.Вишаренко, Ф.Земан, С.Ёргенссон, Э.Бест, П.Лавн ишларида кўришимиз мумкин.
Ўтган асрнинг 50-йилларида инсон ва табиат ўртасидаги таъсирнинг кескинлашуви шароитида шаҳарларни ташкил этиш масалаларига кўпроқ эътибор берилган бўлса, 70-йилларга келиб эса шаҳар экологиясига кўп босқичли яхлит организм сифатида қаралди. Шаҳар экологиясини ўрганишдаги хориж концепциялари марказида инсон ва унинг эҳтиёжлари асосий ўрин эгаллаши ушбу тадқиқот аҳамиятини янада ошишига сабаб бўлди ва “инсон экологияси” атамаси тез-тез қўлланила бошланди.
Собиқ Иттифоқ ҳудудида ушбу термин билан боғлиқ илк фикрларни Соколов, Котельников, Саушкин, Сочаваларнинг ишларида учратиш мумкин. Сочава инсон экологиясини асосий йўналишлардан бири сифатида эътироф этиб, географияда экологик ёндашувнинг табиатдан тўғри фойдаланиш, атроф-муҳит ҳолатини оптималлаштириш ва табиатдан фойдаланишнинг узоқ муддатли прогнозларини ишлаб чиқишда муҳимлиги ҳақида фикр юритади. Кейинчалик инсон экологиясини ўрганиш орқали аҳоли учун мақбул географик муҳитни яратиш масаласи асосий мақсадга айланди ва шу тариқа шаҳарлар экологиясини ўрганиш янгича тус ола бошлади. Шундан сўнг илмий рисолаларда “Экополис” тушунчаси мазмуни, уларни ташкил этиш бўйича тадқиқотлар бошланди. Ушбу тадқиқотларда асосан кичик шаҳардаги инсонларнинг ўз шаҳарларидаги экологик муаммоларга фуқароларнинг фикрлари ўрганилди.
Республикамизда шаҳарлар экологик ҳолатини ўрганишга географик ёндашув ўтган асрнинг 80-90-йилларидан бошланиб, асосан, табиий ва демографик хусусиятлар асосида шаҳарлар муҳити таҳлили Т.Раимов ва Х.Турсуновлар томонидан амалга оширилган. Асосий ишлар шаҳар муҳитининг айни бир компоненти доирасида ўрганилган лекин комплекс ўрганиш ҳали ҳам амалга оширилмаган. Пойтахт ҳудудида ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш билан атмосфера ҳавосини ифлосланиши ўртасидаги экологик боғлиқликни В.И. Соковкин ишларида кўришимиз мумкин.
Шаҳарлар экологиясини таҳлил қилиш ҳудуддаги муаммонинг икки хил кўринишда ўрганиш имконини беради, яъни шаҳарнинг ўз ичидаги экологик муаммолар ва шаҳарга ёндош ҳудудларнинг экологик ўзаро таъсир муаммолари. Шаҳарлар экологик ҳолатини ўрганишни ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан қуйидагича гуруҳлаштириш мумкин:
1.Шаҳар атроф-муҳитининг ифлосланиш муаммоси;
2.Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш муаммоси;
3.Аҳоли саломатлиги ва санитар-гигиеник кўрсаткич муаммоси.
Биринчи гуруҳ муаммоларига атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва ифлосланишнинг янги турлари (шовқин, электромагнит тебраниш ва нурланиш), ҳудуднинг қаттиқ (саноат, қурилиш ва маиший) чиқиндилар билан ифлосланиши кабилар киради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шаҳарнинг барча таркибий қисмлари маълум миқдорда ифлосланишга учрайди аммо ушбу ифлосланишларни меъёрдан ортмаслиги муҳим ҳисобланади. Шаҳар ҳавоси ифлосланишида асосий ўринни саноат корхоналаридан чиқадиган турли заҳарли газлар эгаллайди. Айнан шунинг учун ҳам бугунги кунга келиб саноат корхоналарини жойлаштиришда экологик омилни атрофлича таҳлил қилиш мақсадга мувоффиқ. Шаҳар муҳитини ифлословчи газлар тури ва таркиби бир неча хил бўлиб, улар учун руҳсат этилган меъёр даражаси аниқ бир ўлчамга эга эмаслиги ҳам шаҳар атмосфера ҳавосининг ёмонлашувига олиб келади. Ўрта кенгликда жойлашган шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари иқлими солиштирилганда иқлимида қуйидаги фарқлар кузатилган:

Download 213.44 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling