МАХСУС ҚИСМ
ТЎҚҚИЗИНЧИ БЎЛИМ
ИШНИ СУДГА ҚАДАР ЮРИТИШ
41-БОБ. ЖИНОЯТ ИШИНИ ҚЎЗҒАТИШ
321- модда. Жиноят ишини қўзғатиш мажбурияти.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилганлиги тўғрисида сабаб ва етарли асослар мавжуд бўлган барча ҳолларда жиноят ишини қўзғатиши шарт.
1. Ушбу моддада жиноят ишини қўзғатишга ваколатли давлат органлари ва мансабдор шахслар кўрсатилган. Жиноят ишини қўзғатиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг мажбуриятидир. Бу мажбурият суриштирув органининг бошлиғига, тергов бўлими раҳбарларига, прокурор ўринбосари ва ёрдамчиларига ҳам тааллуқли ҳисобланади. Давлатнинг бошқа органлари ёхуд мансабдор шахслари жиноят ишини қўзғатишга ҳақли эмас. Агар бошқа давлат идоралари ва мансабдор шахслар жиноят аломатларини аниқлаб қолсалар, дарҳол тегишли суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьяга хабар беришлари лозим.
2. Жиноят ишининг қўзғатилиши суриштирув ва дастлабки терговни бошлаш учун ҳуқуқий асос яратади. Суриштирув органи жиноят иши ҳақидаги материал келиб тушган пайтдан эътиборан, дарҳол жиноят ишини қўзғатиш, кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини олиб бориш, жиноят ишини терговга тегишлилигига қараб юбориш каби процессуал ҳаракатларни бажариши лозим.
3. Прокурор суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш чоғида жиноят ишини қўзғатиш ҳақида бевосита қарор чиқариб фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади. Прокурор, шунингдек, жиноятга доир маълумотларни аниқлагани ҳамоно, уларни дастлабки тергов органига ёки прокуратура терговчисига юборади.
4. Суд жиноят ишини ҳайъатда ёки якка тартибда қўзғатиши мумкин. Судья жиноят, фуқаровий, хўжалик ишларини ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш чоғида, уларда жиноят аломатлари борлиги ҳақидаги хулосага келса, жиноят ишини қўзғатишга ҳақли. Қўзғатилган жиноят иши суриштирув ёки дастлабки тергов органларига юборилади.
5. Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш бўйича жиноят ишини қўзғатиш учун айбдорни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида жабрланувчининг аризаси бўлиши шарт. (325-моддасига берилган шарҳга қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |