1.1.3. Корхонадаги бизнес жараёнларни таҳлил қилиш ва такомиллаштириш учун ишчи гуруҳини ташкил қилиш ва унга раҳбарлик қилиш
Ички аудиторнинг бизнес жараёнлардаги иштироки асосан иккита йўл билан амалга оширилади:
Биринчидан, корхона раҳбариятининг ташаббусига кўра. Ички аудиторни корхона раҳбарияти буйруғига биноан тузиладиган турли комиссиялар, ишчи гуруҳлари таркибига киритишади. Масалан:
- товарлар, иш ва хизматларни сотиб олишга доир танлов комиссияси;
- маҳсулот таннархини камайтириш бўйича ишчи гуруҳ;
- активлар инвентаризацияси бўйича комиссия;
- мулкни қабул қилиш-топшириш бўйича ишчи комиссия.
Иккинчи вариант ҳам амалда шунга ўхшаш бўлиб, лекин комиссиялар ва ишчи гуруҳлари тузиш ташаббуси ички аудиторнинг ўзидан чиқади. Бундай ҳолатларда у ўзининг тавсияларини асослаб бергани, агар зарур бўлса, янги иш органларининг фаолиятини бошқарувчи ички норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққани маъқул.
Иккала вариантда ишчи органлар ҳаракатининг самарадорлигини таъминлаш учун корхона раҳбарияти томонидан тасдиқланган ва ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда корхона мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва жавобгарликлари аниқ кўрсатилган ички норматив ҳужжат мавжуд бўлиши зарур. Ишчи гуруҳларнинг ҳуқуқлари бузилганда ёки уларнинг тавсиялари бажарилмаганда корхона раҳбари номига тегишли чоралар кўриш учун ахборот тақдим этилиши лозим. Агар ахборотга тегишлича эътибор қилинмаса, ички аудитор бу ҳақда корхонанинг кузатув кенгашига хабар қилиши керак.
Энг муҳими, ички аудиторнинг фаолияти ва ишчи гуруҳлар фаолиятининг натижалари ҳужжатлаштирилиб, корхона кузатув кенгаши учун тайёрланган ички аудит хизмати жамлама ҳисоботига киритилиши зарур.
1.1.4. Корхонадаги ахлоқ нормалари, шу жумладан, ижро интизоми ҳолатини баҳолаш
Мазкур мавзуни иккита даражада кўриб чиқиш мумкин:
- корхона раҳбарияти томонидан кузатув кенгашининг топшириқлари ва баённома қарорларининг бажарилиши;
- корхона ходимлари томонидан ахлоқ нормалари ва ижро интизомига риоя қилиниши.
Масаланинг биринчи қисми корпоратив бошқарув принципларига риоя этилишининг ички аудити чоғида кўриб чиқилади. Аудит натижаси корпоратив бошқарув принципларига риоя этилиши ҳақидаги ҳисоботда акс этади.
Масаланинг иккинчи қисми ҳисоботларнинг ички назоратни аҳволи ҳамда корхона ўзининг молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошираётганда қонунчиликка қанчалик риоя этгани юзасидан ўтказилган текшириш натижаларига оид бўлимларида кўриб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |