1.1.2. Ички аудит хизматининг корхонадаги бошқа бошқарув органлари билан ахборот алоқаларини яратиши ва қўллаб-қувватлаши
Бошқарув органларининг тузилмаси қуйидагилардан таркиб топади:
- корхона эгаларининг умумий йиғилиши;
- кузатув кенгаши;
- ижроия органи.
Бундан ташқари, корхона тафтиш комиссияси кўринишидаги назорат органи ҳам мавжуд. Қонунчиликда ички аудит хизматининг корхона умумий йиғилиши ва тафтиш комиссияси билан ўзаро муносабатлари назарда тутилмаган.
Бугунги кунда ички аудитор учун ахборот алоқасининг энг тарқалган тури – бу хизмат хатлари, корхонанинг турли даражадаги йиғилишларига тақдим этиладиган ёзма ҳисоботлар ёки оғзаки нутқлардир. Ички аудитор ахборот алоқасининг шундай шаклидан фойдаланиб, корхона фаолиятида аниқланган четга оғишлар ва қоида бузилишлари, мамлакат қонунчилигида юз берган ва корхона фаолиятига бевосита таъсир кўрсатувчи ўзгаришлар ва ҳ.к.з. ҳақида раҳбариятга тезкорлик билан хабар беради.
Ижроия органи ва унинг муҳим бўлинмалари билан ахборот алоқаларини ушлаб туриш учун ички аудит хизмати вақтли нашрдан фойдаланиши – ҳар ойда бухгалтерия ҳисоби ва солиққа тортиш ишларини юритишга доир тавсиялар чоп этилган, норматив актлардаги ўзгаришлар акс этган ахборот бюллетени чиқариши мумкин. Алоҳида ҳолатларда, қонунчилик актлари ва норматив материалларда аҳамиятли ўзгаришлар юз берганда ва бухгалтерия ҳисоби ҳамда солиқларга оид ҳисоб-китоб қоидалари ва принципларини зудлик билан ўзгартириш талаб этилганда ахборот бюллетенининг махсус сонлари тайёрланиб, босилиб, корхона бўлинмаларига тарқатилиши мумкин.
Бошқарув органлари билан ахборот алоқаларининг яна бошқа тури корхона фаолиятидаги долзарб масалалар юзасидан семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш бўлиб, унда ички аудит хизматининг раҳбари (ёки ички аудитор) маълум бир мавзудаги доклад ёки ахборот билан чиқади. Бундай тадбирлар мунтазам ўтказилиши лозим.
Ички аудитор корхонанинг бошқарув органларидан ташқари, бошқа бўлинмалар билан коммуникация алоқаларини ушлаб туриши лозим, масалан:
- бухгалтерия;
- режа-иқтисод бўлими;
- юридик бўлим;
- таъминлаш ва сотиш бўлими;
- омбор хўжалиги;
- ишлаб чиқариш цехлари;
- ахборот ва компьютер технологиялари бўлими кабилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |