1.1.5. Кузатув кенгашини бошқарув тизими, хатар менежменти, назорат ва мувофиқликка оид энг яхши амалий тажриба билан таништириш
Мавзунинг номланишидан маълум бўладики, ички аудитор ўзининг бошқарув тизими, хатар менежменти, назорат ва мувофиқлик соҳасидаги малакасини оширибгина қолмасдан, корхонанинг кузатув кенгаши аъзолари шу соҳадаги янгиликлардан бохабар қилиб бориши зарур.
Кузатув кенгаши аъзоларини таништириш жараёни Ички аудит хизматининг чораклик (йиллик) ҳисоботи вақтида ёки янгиликлар пайдо бўлиши билан ахборот хабари бериш йўли билан ўтказилиши мумкин.
Кузатув кенгашини янгилик билан таништиришнинг бошқа варианти кузатув кенгаши аъзоларининг мурожаатига биноан уларга маслаҳатлар беришдир. Маслаҳатлар кузатув кенгашининг истагига биноан оғзаки ёки ёзма бўлиши мумкин.
Ички аудитор ҳар сафар кузатув кенгашига янгиликлар билан таништириш бўйича кўрсатган хизматларини ўзининг иш ҳужжатларида расмийлаштириб қўйиши ва бу ахборотни ички аудит хизматининг жамлама ҳисоботига киритиши зарур.
1.1.6. Жамлама ҳисоботнинг тузилиши ва уни кузатув кенгашига тақдим қилиш тартиби
Ўтказилган ички аудит якунларига кўра, жамлама ҳисобот тузилиб, унга ички аудит хизмати раҳбари имзо чекади.
Жамлама ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
- таҳлилий қисм;
- якуний қисм;
- тасдиқловчи ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами.
Жамлама ҳисоботнинг таҳлилий қисми ички аудит хизмати ходимлари ўтказган текширишлар натижалари ҳақидаги умумлашган ахборотни ўз ичига олади.
Ҳисоботнинг якуний қисми қуйидагилардан иборат бўлиши зарур:
- корхона ижроия органи ва тузилмавий бўлинмалари фаолиятига умумий баҳо;
- корхонанинг ликвидлиги ва тўлов қобилиятига умумий баҳо;
- ички аудит хизматининг аниқланган четга оғишлар ва қоида бузилишларини бартараф қилишга доир тавсиялари, шунингдек, корхона молиявий-хўжалик фаолиятининг самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни такомиллаштиришга доир умумлашма таклифлар.
Жамлама ҳисобот ички аудит якунлангандан кейин 10 кун ичида тайёрланиши керак.
Жамлама ҳисоботлар кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун бевосита корхона кузатув кенгашига тақдим этилиши зарур. Ҳисоботлар тасдиқлангандан кейин уларнинг нусхалари корхона ижроия органига тақдим этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |