Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат иқтисодиёт университети самарқанд филиали бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва молия кафедраси
Қонунлар ва норматив актларга риоя этмаслик ҳолатлари топилганда бажариладиган аудиторлик тадбирлари
Download 1.71 Mb.
|
Ички аудит Дарслик узб
- Bu sahifa navigatsiya:
- Раҳбариятнинг талаби”
- Объект бўйича
Қонунлар ва норматив актларга риоя этмаслик ҳолатлари топилганда бажариладиган аудиторлик тадбирлари
Агар ички аудиторга қонун ва норматив актларга риоя этилмаганлиги эҳтимоли маълум бўлиб қолса, у мана шундай риоя этмаслик шакли ва мана шундай ҳолат содир бўлган вазиятлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиши, шунингдек, бу ҳолатларнинг молиявий ҳисоботга кўрсатиши мумкин бўлган таъсирини баҳолаш учун бошқа зарур ахборотларни тўплаши зарур. Қонун ва норматив актларга риоя этилмаслигининг молиявий ҳисоботга эҳтимолий таъсирини баҳолашда ички аудитор қуйидагиларни кўриб чиқиши керак: молиявий оқибатларнинг юзага келиш эҳтимоли (пеня, жарима, санкция, зарар, активларнинг мусодара этилиш хавфи, фаолиятнинг мажбуран тўхтатилиши ва ишнинг судда кўрилиши); юз бериши мумкин бўлган молиявий оқибатларни ошкор қилиш зарурияти; агар молиявий оқибатлар аҳамиятли бўлса, молиявий ҳисоботнинг тўғрилиги ва холис (адолатли) тақдим этилганини шубҳа остига олиш зарурияти. Агар ички аудитор қонунлар ва норматив актларга риоя этмаслик ҳолатларини тахмин қилса, у ҳолда қайд этилган ҳолатларни ҳужжатларда расмийлаштириши ва буни раҳбарият билан муҳокама қилиши шарт. Бундай ҳужжатлар ўз ичига бухгалтерия ёзувлари ва ҳужжатларининг нусхаларини, муҳокамалар баённомаларини олиши мумкин. Агар тахминий риоя этмаслик ҳақида зарур ахборот олинмаган бўлса, аудитор етарли даражадаги аудиторлик далилларининг йўқлиги аудиторлик хулосасига қандай таъсир кўрсатишини кўриб чиқиши лозим. Ички аудиторнинг ички аудит пайтида аниқланган алоҳида риоя этмаслик ҳолатларига нисбатан хулосалари риоя этмаслик фактларининг солдир бўлиши ва яширилиши ўртасидаги ўзаро алоқага, бажариладиган назорат ҳаракатлари ва қонунлар ҳамда норматив актларга риоя этмаслик ҳолатларида иштирок этган раҳбарият ёки ходимларнинг жавобгарлик даражасига боғлиқ бўлади. “Раҳбариятнинг талаби”га келсак, бу ерда корхона бошқарув органининг ички аудиторга аниқ топшириғи мавжудлиги назарда тутилади. Раҳбарият ички аудиторга корхона фаолиятидаги хатарлар, зарар кўриб ишлаш сабабларини ва ҳ.к.з. ўрганишни топшириши мумкин. Бажарилиши кутилаётган ишларнинг табиати ва ҳажмига қараб ва раҳбарият топшириқларини бажариш учун мўлжалланган вақт доирасини ҳисобга олиб, ички аудитор ўзининг аудит режасини ишлаб чиқади. Аудитни режалаштириш жараёнида хатарларни аниқлаш учун аудитни ўтказишга объектлар бўйича ёки цикллар бўйича ёндошув усулидан фойдаланилиши мумкин. Объект бўйича ёндошув аудитнинг бухгалтерия ҳисоби объектлари билан мос келувчи сегментларини ажратишни назарда тутади. Бунда хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобининг алоҳида счётларига нисбатан далилларни алоҳида олиш нуқтаи назаридан текширилади. Бундай ёндошувдан фойдаланилганда ички аудит хизматининг турли ходимлари битта молиявий-хўжалик операциясини бир неча марта аудитнинг турли сегментлари нуқтаи назаридан текширишлари мумкин. Бу эса аудиторлик гуруҳи аъзоларининг ҳаракатлари бир-бирини такрорлаши ва меҳнат ҳамда иш вақти асоссиз равишда ортиқча сарф бўлишига олиб келади. Аудиторлик текширувини режалаштиришда мақбуллик принципига эришиш учун циклик ёндошувдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бундай ёндошув ички аудит сегменти сифатида хўжалик операцияларини (хўжалик операциялари цикли) амалга ошириш чоғида пайдо бўладиган ҳисоб объектлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ажратишга асосланган. Сегментларни ажратиш корхона молиявий-хўжалик фаолиятининг хусусиятлари, қўлланилаётган бухгалтерия ҳисоби тизими ва ҳужжат айланмаси тизими билан белгиланади. Алоҳида хўжалик операцияларининг кўп ҳам чуқур тадқиқ этилмаслигини ушбу ёндошувнинг камчиликлари сирасига киритиш мумкин. Циклик ёндошувдан фойдаланиш ички аудит режаси ва дастурини ажратиб олинувчи цикллар, аудит объектлари ва ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар кесимида шакллантиришни назарда тутади. Шунингдек, аудиторлик текширувини режалаштириш ва ўтказишга оид жараёнли-объектли ёндошув деб аталувчи учинчи ёндошувни ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин. Мазкур ёндошув ўзида циклик ёндошув элементларини ҳам, объект бўйича ёндошув элементларини ҳам жамлаган. Бу ёндошув жараёнли-йўналтирилган бошқарув концепциясидан келиб чиқади ва жараёнли ёндошувни қўллашга асосланади. Ҳар бир корхонада бир биридан ажралган цикллар доирасида турлича бизнес жараёнлар кечади. Бу жараёнларни йириклаштирган ҳолда 4 та гуруҳга жамлаш мумкин: 1) жорий активларни, шу жумладан, ТМЗ сотиб олиш ва яратиш жараёни; 2) ишлаб чиқариш ва сотиш жараёни; 3) молиявий оқимларнинг шаклланиш ва ҳаракатланиш жараёни; 4) молиявий жараёнларнинг шаклланиш ва улардан фойдаланиш жараёни. Кечаётган бизнес жараёнлар ҳақидаги ахборот корхонанинг ҳисоб тизимида қайд этилади ва кейинчалик бухгалтерия (молиявий) ҳисоботида умумлашган ҳолда акс эттирилади. Кечаётган бизнес жараёнлар ичида жараёнли объектларни ажратиш мумкин. Масалан, корхона молиявий оқимларининг шаклланиши ва ҳаракатланиши ҳисобининг аудитида кассадаги, ҳисоб, валюта ва махсус ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари, молиявий қўйилмалар, ҳисоб операциялари мана шундай жараён объектлари ҳисобланади. Шу тариқа, циклик ва объект бўйича ёндошувларнинг ўриндошлиги кўриниб турибди. Мазкур ёндошувнинг афзаллиги шундаки, ички аудит хизмати ходимларининг ҳаракатлари бир-бирини такрорламайди ва меҳнат ҳамда вақт сарфи камаяди. Download 1.71 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling