Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан ушбу Кодекснинг 112-моддасида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ баҳоланади.
1.Ушбу арзнинг энг асосий шарти бу ихтиёрий эканлигидадир. Шахс у жиноятни содир этганликда гумон қилинмасдан ва унга айблов эълон қилинмасдан олдин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўзи содир этган жиноят тўғрисида хабар билан, яъни айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз билан мурожаат этиши мумкин.
2. Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз оғзаки ёки ёзма бўлиши мумкин. Оғзаки хабарни суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд баённомада акс эттиради. Баённомага арз қилувчининг шахсига доир маълумотлар киритилади ва унда арзнинг мазмуни биринчи шахс номидан баён қилинади. Баённомага арз қилувчи ва арз қилинган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья имзо чекади.
3. Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан аниқланган бошқа барча далиллар билан биргаликда баҳоланади ҳамда айбни бўйнига олиш мавжуд далиллар йиғиндиси билан тасдиқланган тақдирдагина айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин. Айбини бўйнига олиш тўғрисида арз суд, прокурор, суриштирувчи ва терговчини ишнинг барча ҳолатларни аниқлаш мажбуриятидан озод этмайди.
4. Айбини бўйнига олишда терговчи барча аҳамиятли ҳолатларни эътиборга олиши лозим. Баъзан маълум бир шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ўзлари содир этмаган жиноятлари юзасидан айбни бўйнига олиш ҳоллари учраб туради.
12-БОБ. ГУВОҲ ВА ЖАБРЛАНУВЧИНИ
СЎРОҚ ҚИЛИШ
114-модда. Гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби
Гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш ушбу Кодекснинг 96-108-моддаларида назарда тутилган умумий қоидаларга, шунингдек, ушбу бобнинг қуйидаги моддаларига риоя қилган ҳолда олиб борилади.
1. Гувоҳ ва жабрланувчи фақат бевосита ўзлари кўрсатув бериши мумкин. Кўрсатув бериш жабрланувчининг ҳам ҳуқуқи, ҳам мажбуриятидир. Жабрланувчининг жиноят иши бўйича унга маълум бўлган ҳолатлар юзасидан берилган кўрсатувлари, ўз аҳамиятига кўра гувоҳ берган кўрсатувларга ўхшаш, чунки гувоҳ ҳам, жабрланувчи ҳам ҳодиса ва унинг оқибатларини яққол кузатган шахслар. Шунга кўра, қонун бўйича суриштирув, дастлабки тергов ва судда жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби гувоҳни сўроқ қилиш қоидалари асосида амалга оширилади.
2. Гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувларини далил тариқасида баҳолаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда, уларнинг эгаллаган процессуал ҳолати ва ишга нисбатан бўлган муносабатига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Улар ходисани бевосита ўзлари кузатишган, англашган, воқеликка нисбатан ўзларича тавсиф ва таъриф бериши мумкин бўлган шахслардир. Уларнинг кўрсатувлари ҳақиқатга яқин бўлмаслиги, улар ходиса иштирокчиси сифатида юз берган воқеликни аниқ ва тўғри англамаслиги мумкин. Ушбу ҳол гувоҳга ҳам тааллуқли. Гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатув бериш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари бир-бирига ўхшаш. Иш юзасидан кўрсатув бериш уларнинг бурчи бўлишига қарамай, ўзлари ҳам кўрсатув бериш истагини билдириш ҳуқуқига эга.
3. Гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувлари умумий хусусиятга эга бўлгани учун ҳамда уларни сўроқ қилишнинг процессуал қоидалари ЖПКнинг ушбу бобида жойлаштирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |