401-машқ. Тўлдирувчи ва аниқловчи эргаш гапли қўшма гапларни алоҳида-алоҳида кўчиринг, эргаш гапни бош гапга боғловчи воситалар тагига чизинг.
1. Аммо шундай вазият юзага келдики, ўша кунларда мен душман уясига бориб қолдим. (В. Карпов.) 2. Сен шуни унутмаслигинг керакки, ҳеч ким бировга ўйлаш, исташ, орзу қилишни ман эта олмайди. (Ч. Айт.) 3. Биласан-ку, бизнинг ўлкада Аллақачон тутқунлик битган! ( З.) 4. Табиатда шундай моддалар борки, улар қисқа муддат ичида қуёш нурини ўзига сингдириб, қоронғиликда яна бўшлиққа қайтаради. (Ж. Абд.) 5. Шунга иқрор бўлишим керакки, капитан Немонинг бу иши энди менга ўта эҳтиётсизликдай туюла бошлади. (Ж. Верн.)
402-машқ. Бадиий асарлардан эга, кесим, тўлдирувчи, аниқловчи эргаш гапли қўшма гапларга биттадан мисол топиб ёзинг ва уларнинг фарқини тушунтиринг.
403-машқ. Берилган ўрин ва пайт эргаш гапли қўшма гапларни ўқинг. Бош ва эргаш гапни аниқлаб, эргаш гапни бош гапга боғловчи воситаларни изоҳланг.
1. Босқинчиларнинг аскари тор тоғ йўлига кириб келган маҳалда, ерли аҳоли бу жойни тошлар билан ҳимоя қилган. (С. Б.) 2. Қайрағоч учидаги баргларда қуёш нурлари эндигина жилва қила бошлаганида, Назирахон, Мелибой, ва Расулжон Аравонга кириб келдилар. (С. Калмиков.) 3. Сой қаёққа оқса, тош ҳам ўша ёққа думалайди. (Ҳ. Шамс.) 4. Хаёл оғушига ғарқ бўлиб, айни вақтда бу улуғвор манзарани борича хотирамда сақлаб қолишга интилаётган пайтимда, капитан Немо сув ўтлари қоплаган устунга суяниб, ҳаракатсиз ва гунг одамдай турар эди. (Ж. Верн.) 5. Назира олдинга қадам ташламоқчи бўлган эдики, унинг кўзи олдидан бир нарса лип этиб ўтиб кетди. (Н. Бирюков.) 6. Кемалар музликлар майдони бўйлаб сузишни ўрганмагунларига қадар, улар узлуксиз яхлит музликлар олдида тўхтаб қолишга мажбур бўладилар. (Ж. Верн.) 7. Қаерда тинчлик бўлса, бахт ҳам ўша ерда, болаларим. (Ч. Айт.)
Do'stlaringiz bilan baham: |